islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафийлик мазҳабининг устун жиҳатлари

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг кўпчилиги айнан ҳанафий мазҳабига амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келадилар. Шу жумладан, бизнинг минтақамиз мусулмонлари ҳам бир неча асрлардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиб келмоқдалар.

Бунинг сабаби сифатида ҳанафийлик мазҳаблар ичидаги энг биринчи мазҳаб экани, асосчиси Имом Абу Ҳанифа ўзининг етук илм, чуқур заковат ва юксак тақво соҳиби эканлиги ҳамда ўз ижтиҳодида инсонлар учун енгиллик тарафни ихтиёр этгани кўрсатилади. Бундан ташқари ҳукмлар чиқаришда ўзаро маслаҳат тамойилларига таянгани эътироф этилади.

Сирожиддин Ғазнавий ўзининг “Алғурратул мунифа фи таҳқиқи баъзи масоил ал-Имом Аби Ҳанифа” китобининг хотимасида келтирилган жумлалардан айримларини  келтириб ўтамиз:

“Қозилар, адолат аҳли, тириклар ва вафот этганларнинг барчаси аксар ҳолатларида имом Абу Ҳанифа (р.а.) мазҳабига муҳтождирлар. Бошқа мазҳабларда қози гуноҳ қилса, қозиликдан тушиб қолади. Бинобарин қози қозилик даврида гуноҳдан маъсум бўлиши лозим, гуноҳ қилса, қозилик мансабидан тушади ва чиқарган ҳукмлари ҳеч қандай кучга эга бўлмайди. Ушбу сўзга биноан бирорта қози ўз мансабида бардавом тура олмайди. Унга ҳар сафар гуноҳ қилганда фосиқ бўлганини ошкор қилиши ва қозиликка қайта сайланиши вожиб бўлади. Бундай қилинмаса, қанчалик фасод чиқиши ҳеч кимга махфий эмас. Бу нарсалар содир бўлмаслиги учун имом Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш керак бўлади.

Имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг наздида адолат аҳлидан бўлиш зоҳиран Исломга амал қилиш билан собит бўлади. Шофеъий мазҳабида эса, гуноҳи кабиралардан зоҳиран ҳам, ботинан ҳам сақланиш лозим. Қайси қози ёки адолат аҳли дейилган шахс гуноҳ қилмаган?

Вафот этганларга тиловати Қуръон савоби билан ёрдам етказиш фақатгина ҳанафий мазҳабида жоиздир. Ўтганлар учун уқубатлардан халос бўлиш ва юқори даражотларга эришиш имом Абу Ҳанифа (р.а.) мазҳабига эргашиш билан ҳосил бўлади.

Аксар ҳолатларда содир бўладиган балоғатга етмаган болалар томонидан қилинадиган савдо-сотиқ ва бошқа муомалалар имом Абу Ҳанифа мазҳабига кўра жоиз. Бошқаларда эса уларнинг қилган тасарруфларида муаммолар мавжуд. Чунки уларнинг фикрига кўра инсонлар ўз эҳтиёжлари учун фақатгина балоғатга етган одамларнигина юбориш жоиз.

Шунингдек, аксар одамлар ўз савдоларида ийжоб ва қабул билан савдо қилишга одатланмаганлар. Яъни сотувчи сотдим, харидор сотиб олдим, демайди. Балки нарх аниқ бўлган ҳолатларда фақатгина ўзаро олди-берди яъни харидор буюмни олиб пулни бериши билан якун топади. Бу ҳолат ҳам имом Абу Ҳанифа мазҳабида жоиз.

Бошқа мазҳабларда закот мажбурияти Қуръони каримда айтилган саккиз синфнинг ҳар биридан учта шахсга берилгандагина соқит бўлади. Ҳеч ким бу ишни қила олмайди. Ҳанафий мазҳабида эса закот олишга ҳақли бир одамга бериш билан ҳам закот адо этилган ҳисобланади.

Нажас (нопок) нарсалар билан иситиладиган ҳаммомлар, нопок нарсалар ёндириб ёпиладиган нонлар, нопок нарсалар аралаштириб қилинадиган лой (деворлар) масаласи ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда муаммо ҳисобланади.

Ҳайвонларнинг тезакларини сотиш ҳанафий мазҳабида жоиз. Бошқаларда жоиз эмас. Ҳолбуки бу иш аксар одамлар қиладиган ишдир.

Аксар одамлар киядиган олмахон,  сувсар ва оқсичқон ҳамда бошқа ҳайвонларнинг терисидан тикилган кийимларни киядилар. Кўпчилик наздида ўлган нарсанинг жуни нажас ҳисоблангани учун улар нопок нарсани кийиб юрган ҳисобланади. Бизнинг мазҳабда эса бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Ловия, ёнғоқ ва бодом каби нарсаларни пўстлоғи билан сотиш кўпчилик наздида жоиз эмас ва бу катта муаммолар келтириб чиқаради. Зеро аксар одамлар шундай савдо қиладилар. Ҳанафий мазҳабида эса бу жоиздир.

Ҳабибуллоҳ Жўрабоев,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

119620cookie-checkҲанафийлик мазҳабининг устун жиҳатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: