islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

НАСАФДАН ТАРАЛГАН ЗИЁ

Мусулмонлар жамоасининг аксарини ташкил этган мотуридия мазҳабининг ривожланиб тараққий этишига муносиб ҳисса қўшган Абу Мансур Мотуридий (870-944) мактабининг атоқли намояндаларидан Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий (421-493), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (461-537) каби кўплаб олимлар ақида илмининг гуллаб-яшнашига хизмат қилдилар.

Дарҳақиқат, улар қаторига Мовароуннаҳрда яшаб самарали ижод қилган, калом илмининг машҳур алломаси, буюк мутафаккир Абу Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафийни (1027-1114) ҳам қўшиш мумкин.

Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (ваф. 930) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан бўлган. Бобоси Мўътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди.

Абу Муъин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд тушади. Ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг халқ орасида тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатади.

У кишининг машҳур шогирдлари қаторига Умар ибн Муҳаммад Насафий, Аловуддин Самарқандий, Абу Бакр Кошоний, Абулмузаффар Талқоний, Аҳмад Паздавий, Абулҳасан Балхий, Абулфатҳ Ҳалмий, Абдурашид Валволижий, Маҳмуд Соғаржий, Али ибн Ҳусайн Сакалкандий каби ўз даврининг етук алломаларини ҳам қўшиш мумкин.

Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби”) асарида устози тўғрисида шундай дейилган: “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари устозим – Абу Муъин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафи солиҳларнинг фикрларини мустаҳкамлади, ўша пайтда фитна уруғини сочишга уринаётган мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Исломий соғлом ақидани мудофаа қилиш учун инсонлар орасида ҳидоятчи бўлиб, илм тарқатиш мақсадида қалам тебратди.

Абу Мансур Мотуридий асос солган ва жамиятда қарор топган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишида муҳим роль ўйнаган етук аллома сифатида каломнинг турли масалаларига оид 15 га яқин асарлар ёзди.

Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом илми бўйича ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган асосий манбаларидан биридир.

Асарнинг кўплаб нусхаларга эгалиги, унинг калом илми ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади.

Айниқса, Абу Муъин Насафийнинг ўз даврида пайдо бўлган ақидапараст оқимларга қарши тургани, соғлом эътиқод борасида тинмай изланишлар олиб боргани, жаҳолатга қарши маърифат билан курашгани бугунги кун учун жуда ҳам катта аҳамиятга эга.

Унинг асарларига эътибор бериб қарасак, кўплаб тортишувларга сабаб бўлган масалаларни танлаб, уларни ёритиб беришга ҳаракат қилган. Бу ақидавий масалаларга алоҳида тўхталишдан мақсад, мусулмонлар мусаффо ақидани англаб, тушуниб, унга амал қилган ҳолда тинч-тотув, фаровон ва бахтли ҳаёт кечирсинлар. Адашган фирқаларга қарши ҳимоя воситасини яратишсинлар.

Абу Муъин Насафий ақидавий мавзуларни очиб беришда баҳс-мунозара услубидан кенг фойдаланган, яъни  муаллиф аввал бошқа адашган фирқаларнинг ақидадаги фикр ва қарашларини ифодалаб, кейин ўзининг (мотуридия) ақидасини баён қилиб ва уни исботлаган, кейин уларнинг гаплари асоссиз эканлигини ўз раддияларида бирма-бир келтириб ўтган.

Шунингдек, Аллоҳнинг биру борлиги, яратувчанлиги, унинг зотий ва феълий сифатлари, унга ташбиҳ қилиш ва макон хослашнинг ботиллиги, унинг каломи азалийлиги, бандаларнинг феъллари яратилгани, жаннат ва дўзахнинг мавжудлиги, қабр азобининг ҳақлиги, киши катта гуноҳ қилгани билан куфрга ҳукм этилмаслиги, тақдирнинг азалдан битиб қўйилгани, авлиёларнинг каромати, пайғамбарларнинг мўъжиза кўрсатиши ҳақлиги, шафоатнинг ҳақлиги, пайғамбарлик даъвосини қилиш мутлақо мумкин эмаслиги, аҳли сунна вал жамоага мухолиф бўлмаслик, бидъат ва хурофотлардан йироқ бўлиш, имоннинг зиёда ва кам бўлмаслиги, Қуръони карим оятларини тўғри англаш, ҳадиси шарифлардан кўзланган асосий мақсад нима эканлиги борасида мисли кўрилмаган кашфиётларни қилиб, ботил фирқа вакилларига етарлича жавоб берди. Инсонларни комиллик сари етаклади. Ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш билан бир қаторда, бандачиликдан айни мурод нима эканлигиин уқтириб ўтди.

Бу борада очилмаган қирраларни ўрганиш ва кенг китобхонлар оммасига жалб этиш учун сезиларли қадам қўйилганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Олимнинг асарларини англаш ва ҳаётга татбиқ этиш ўз даврида бўлгани каби бугунги куннинг ҳам долзарб муаммоларига айланиб улгурди.

Юртбошимизнинг ташаббуслари билан аллома туғилиб ўсган гўша – қадимий ва навқирон Насаф (Қарши шаҳри)да фаолиятини бошлаган ақида мактабининг олдига қўйган муҳим мақсади ҳам ана шу.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, айни пайтда мутахассислар алломанинг асарларини ўрганишда давом этмоқда.

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

15380cookie-checkНАСАФДАН ТАРАЛГАН ЗИЁ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: