Саудия Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги маълумотига кўра, яқин кунларда умра ибодатига рухсат берилади. Ҳозирда, расмийлар бу ишни амал ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқдалар.
Хабарингиз бор, Мадина айни пайтда коронавирусдан холи ҳудудга айланган ва шу муносабат билан энди Макка шаҳри ҳам қисман очилади.
Aл-Aрабия телеканалида эълон қилинган хабарда зиёратчиларга қўйиладиган умра ибодати билан боғлиқ талаблар келтирилган:
- Масжидул Ҳаром қисман очилади, бунда масжид сиғимининг 40%идан фойдаланилади;
- Ҳар бир зиёратчининг ижтимоий масофани сақлашига эътибор қаратилади;
- Масжидул Ҳаромнинг кириш ва чиқиш жойларига тана ҳароратини масофадан автоматик ўлчайдиган мосламалар ўрнатилади;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари юқори ҳароратли одамларнинг масжид ҳудудига киришига рухсат беришмайди;
- Юз ниқобисиз кириш умуман мумкин эмас;
- Масжидул Ҳаромнинг биринчи, иккинчи ва учинчи қаватлари тавоф учун ажратилади. Ёрдамга муҳтож ва кекса одамларга масжиднинг иккинчи қаватидангина фойдаланишга рухсат берилади;
- Масжидул Ҳаромнинг марказий майдони, Каъбатуллоҳ атрофида тавоф қилишга ҳозирча рухсат йўқ.