Рамазон Қуръони карим ойидир. Бу ойда салафи солиҳларимиз барча ишларни йиғиштириб, муқаддас Каломни тадаббур ва тафаккур билан тиловат қилишга киришар, қаттиқ бел боғлар эдилар.
Имом Аъзам (р.а.) Ҳар куни бир марта Қуръон хатм қилар эдилар, Рамазонда эса ҳар куни икки марта хатм қилар эдилар. Бир марта кундузи, бир марта тунда.
Имом Зуҳрий (р.а.) Рамазон келганда “Рамазон Қуръон тиловат қилиш ва рўзадорларни таомлантириш ойидир”, деб айтар эдилар.
Имом Молик (р.а.) Рамазонда ҳадис ўқиш ва илм мажлисларини тарк этиб, Қуръон тиловатига астойдил киришар эдилар.
Асвад (р.а.) Рамазонда ҳар икки кечада, Рамазондан бошқа ойларда эса, ҳар олти кечада Қуръонни тўлиқ хатм қилар эдилар.
Қатода (р.а.) ҳар етти кечада, Рамазон келгач, уч кечада, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эса, ҳар кечада Қуръон хатм қилар эдилар.
Имом Шофеий (р.а.) ҳар Рамазонда олтмиш марта Қуръони каримни хатм қилар эдилар.
Имом Нававий (р.а.) шундай деганлар: “Қуръон Каримни бир ракатда хатм қилган инсонлар жуда кўп. Бу ишда Усмон ибн Аффон, Тамим ад-Дорий ва Саид ибн Жубайр (р.а.)лар пешқадамлардан ҳисобланади. Улар Аллоҳнинг Каломини Каъба ичида бир ракатда хатм қилишган”.
Имом Заҳабий (р.а.) айтадилар: “Бир неча кишилардан ривоят қилинганки, Абу Бакр ибн Айёш қирқ йил ҳар кеча-кундузда бир мартадан Қуръон хатм қилдилар. У зотга ўлим келганда сингиллари йиғлади. Шунда у зот сингилларига қараб: «Эй синглим, нега йиғлаяпсиз? Менга қаранг, анави бурчакда сизнинг акангиз ўн саккиз минг марта Қуръон хатм қилган», дедилар”.
Иброҳим Наҳаий (р.а.) Рамазонда Қуръонни ҳар уч кечада, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эса, ҳар икки кечада хатм қилар эдилар.
Ҳофиз ибн Асокир (р.а.) ҳар жума тўлиқ бир марта, Рамазон ойи кирганда эса, ҳар куни Қуръон хатм қилар эдилар.
Абдураззоқ (р.а.) айтади: “Суфён ас-Саврий (р.а.) Рамазон келганда барча ишларини тарк этиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар”.
Қуръонни уч кундан оз муддатда хатм қилишдан қайтарилган ҳадислар бор. Ваҳоланки, салафларимизни бир кечада хатм қилганлари ривоят қилинган. Буни қандай тушунамиз? Саволимизга Ибн Ражаб Ҳанбалий (р.а.)нинг ушбу гаплари жавоб бўлади. У зот айтадилар: “Қуръонни уч кундан оз муддатда хатм қилишдан қайтариқ доим хатм қилишга тегишлидир. Инсон умри давомида доимий хатми Қуръонни йўлга қўймоқчи бўлса, уч кундан оз муддатда хатм қилмайди. Лекин Рамазон ойи каби фазилатли кунлар, қадр кечасидек буюк кечалар, Маккаи Мукаррама каби улуғ жойларда бўлса, азиз вақт ва мўътабар жойларни ғанимат билиб, кўпроқ хатм Қуръон қилиш мустаҳабдир”.
Демак, биз ҳам рамазон ойида кўпроқ Қуръон тиловат қилишга ҳаракат қилишимиз зарур экан.
Аллоҳ барчамизга умримиз сўнгигача салафларимизга эргашиб, рамазондан унумли фойдаланишимизда ёрдамчимиз бўлсин!
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Асадуллоҳ Муҳаммад тайёрлади