islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Савр ғорида ўргимчак уяси ва ёввойи каптарлар қутқариб қолганми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойининг 27-кечаси уйлари атрофини ўраб олган босқинчилар орасидан Ёсин сурасининг: “Ва биз уларнинг олдларидан ҳам тўсиқ, орқаларидан ҳам тўсиқ қилиб, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўрмаслар”, оятини ўқиган ҳолларида, мўъжизавий суратда ўтиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига борадилар ва икковлон қоронғу тунда ҳовлининг орқа эшигидан чиқиб, тўғри Савр тоғи тепасига чиқиб яширинадилар.

Душманлар ҳижратга чиққан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуни нима учун Савр тоғида топишолмаган? Тарих китобларида қуйидаги маълумотлар ёзилган бўлиб, уларнинг қайси бири “рожиҳ” – кучли, ҳақиқатга яқин?

  • изқуварлар у ерда ғор борлигини билишмаган.
  • ғор оғзида ўргимчак уясини кўриб: “Агар Муҳаммад бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бузилган бўларди”, деб ғор ичига қарашмаган.
  • мушриклар ғор оғзида бир жуфт ёввойи каптар ин қуриб ётганини ва уларнинг учиб кетмаганини кўриб, излаётган кишилари бу ерда эмас, деб фикр қилишган.

Юқоридаги уч хил ривоятни алоҳида-алоҳида кўриб чиқамиз:

1) “Изқуварлар у ерда ғор борлигини билишмаган” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Савр – катта тоғ. Аммо унинг тепасида Ҳиро ғорига ўхшаш кавланган ёки табиий суратда пайдо бўлган ғор бўлмаган. Балки “Савр ғори” деб аталадиган жой ўша пайтда ҳарсанг тошларнинг бир-бирига суяниши натижасида икки-уч киши сиғадиган ғорча, яъни ўра, ковак, ғовак бўлган. Ғор оғзи ҳам тор бўлиб, пастда жойлашган эди (“Фатҳул Борий”, 7-жуз; “Тафсири Жалолайн”, “Тафсири Насафий”, Муҳаммад Алий Собуний, “Софватут тафосир”, Тавба сураси, 40-оят тафсирлари).

Демак, Савр ғори изқуварлар эътибор берадиган даражада кўзга кўринарли бўлмаган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтади: “Мен (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга) ғордалигимда, у зотга: “Агар у (изқувар)лардан бирортаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади”, дедим (у зотдан хавотирланиб). У зот: “Абу Бакр, гапирмай туринг (тинчланинг). Учинчиси (ҳимоячиси) Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсиз (яъни Аллоҳ биз билан экан, ким ҳам бизга зарар етказа олади)?!” дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат кечаси уйларидан чиққанларида, душманлар у зотни кўришмаганидек, ғорга ҳам эътибор беришмаган-қарашмаган, балки чор-атрофга аланглаб кетаверишган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога бўлган чуқур эътиқод ва таваккулларининг мукофоти, Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарини икром қилган навбатдаги мўъжизасидир. Шунинг учун ҳам Имом Нававий мазкур ривоятни “Риёзус солиҳийн” китобининг “Комил ишонч ва таваккул баёни” бобида зикр қилган.

Аллоҳ таоло айтади:

“Аллоҳ (Ўз) ишида ғолибдир, лекин кўп одамлар (буни) билмайдилар” (Юсуф сураси, 21-оят).

“Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кун (қиёмат)да ҳам ёрдам берурмиз” (Ғофир сураси, 51-оят).

Хулоса: Мазкур биринчи ривоят саҳиҳдир.

 2) “Ғор оғзида ўргимчак уясини кўриб: “Агар Муҳаммад бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бузилган бўларди”, деб ғор ичига қарашмаган”.

Имом Аҳмад, Баззор, Табароний, Байҳақий, Хатиб Бағдодий, Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд, Ибн Асокир, имом Табарий, Абдураззоқ Санъоний, Абу Бакр Марвазий, Абу Нуайм Асбаҳоний ва Абул Қосим Асбаҳоний ривоятлари. Санади заиф.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Агар сизлар унга (яъни Пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз ҳам (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, Аллоҳ унга ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: “Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан биргадир”, дейиши билан Аллоҳ Ўз томонидан унинг устига – қалбига бир хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди. Аллоҳнинг Сўзигина энг юксак Сўз ва Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир” (Тавба сураси, 40-оят).

Баъзи олимлар “ўргимчак” ривояти бу оятдаги “ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар билан қўллаб-қувватлади” жумласига тўғри келмайди, деб, “мункар” ҳукмини беришган.

Чунки ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзга кўринмайдиган лашкарлар, яъни фаришталар билан қўллаб-қувватланганлари айтилган. Ривоятда эса, ўргимчак тўри билан дейилган, ҳолбуки, ўргимчак ва унинг тўри кўзга кўринадиган нарсалардир.

Шунинг учун ҳам имом Бағавий мазкур оят тафсирида: “У (кўзга кўринмайдиган лашкар)лар фаришталар бўлиб, кофирларнинг юзларини ва кўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришдан қайтариш учун тушганлар”, деган.

Хулоса: Бу иккинчи ривоят ихтилофли масаладир. Жумҳур уламолар наздида “заиф”, баъзи олимлар наздида “мункар”дир. Лекин Ибн Касир ва Ибн Ҳажар Асқалоний “ҳасан” дейишган (“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/181; “Фатҳул Борий”, 7/236).

 3) “Мушриклар ғор оғзида бир жуфт ёввойи каптар ин қуриб ётганини ва уларнинг учиб кетмаганини кўришиб, излаётган кишилари бу ерда эмас, деган фикрда қайтиб кетишган”.

Бу ривоятнинг санадида Авн ибн Амр бор бўлиб, у ҳақда Имом Бухорий “Мункарул ҳадис ва мажҳул”, деган. Яҳё ибн Маъин “Ишончли эмас”, деган. Яна санаддаги Абу Мусъаб мажҳул (номаълум шахс)дир. Утай ибн Маждийнинг ҳадиси мункардир. Ибн Сулаймон Масмулий эса, ёлғончидир («Зуъафоул Уқайлий», 3/422; Имом Зайлаъий Ҳанафий, «Насбур-роя ли-аҳодийсил Ҳидоя», 1/123).

Ҳайсамий: “Санадида мен билмайдиган, танимайдиган жамоа бор”, деган (“Мажмаъуз-завоид, 6/65).

Ибн Касир: “Бу ривоят жуда ғарибдир”, деган (“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/182).

Хулоса: Бу учинчи ривоят собит эмас, ишончсиздир.

Дарвоқе, «Маккадаги барча кабутарлар ўша бир жуфт кабутар наслидандир», деган гапни Ибн Касир: “Жуда ҳам ғарибдир”, деган (“Ас-сийратун-набавийя”, 2/241, “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/182).

ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси

 Абдул Азим Зиёуддин

344300cookie-checkСавол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Савр ғорида ўргимчак уяси ва ёввойи каптарлар қутқариб қолганми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: