islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Талаба қизлар “хатми кутуб” қилдилар

Сўнгги йилларда Тошкент ислом институтида ўқитувчилар устозлигида талабалар томонидан китобларни тўлиқ ўқиб чиқиб, хатми кутуб қилиш анъанага айланган. Бу борада талаба қизлар ҳам ортда қолаётгани йўқ. Олий маъҳадда Имом Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф Нававий роҳимаҳуллоҳнинг “Ат-тибян фий адаби ҳамалатил Қуръан” китоби хатмонаси бўлиб ўтди.

Хатмона Тошкент ислом институтида “Февраль – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” деб эълон қилингани муносабати билан Таҳфизул Қуръон кафедраси ташаббусига кўра 2-курс толибалари томонидан тўлиқ ва шарҳли ҳолатда ўқиб тугатилди.

Муаллиф — умматнинг умрини илмга бахш этган, баракали уламоларидан бўлган имом Нававий бу китобни жуда қисқа вақт 21 кун ичида ёзиб тугатганлари ривоят қилинади. Китоб ўн бобдан иборат бўлиб, асосан Қуръон ўқитувчиси ва ўқувчиси одоби, уларнинг дунё ва охиратдаги даражалари, қироат фиқҳи, салафларнинг Қуръонга қанчалик эътиборли бўлганлари ҳақидаги асарлар ва китобда зикри ўтган атоқли номлар, нодир луғатлар таҳзиби, яъни глоссарийдан иборат. Асарда истифода қилинган ҳадислар санадсиз келтирилган. Бунга сабаб ўлароқ китобни ёдлаш учун қулайлаштириш ва ихчам қилиш мақсад қилинган. Аслида, имом ўзлари китобда келтирган ҳадисларнинг санадини ёддан билганликларини таъкидлаш мумкин.

Китоб бутун мусулмон оммаси учун мўлжалланган бўлиб, бундан Қуръони карим муаллим ва ўқувчиларининг китобдаги масалаларни пишиқ-пухта билишлари лозим эканлиги келиб чиқади.

Китоб бир неча ой давомида тўгаракларда ўқилди. Китоб хатмонаси Қуръони карим хатми билан тугатилди, устоз ва ходималари билан хайрли дуолар қилинди. Аллоҳ таолодан ўқилган бу китобни ўқувчилар ва ўқитувчи учун манфаатли қилсин!.

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси

ўқитувчиси Нажмиддинова Робия

372440cookie-checkТалаба қизлар “хатми кутуб” қилдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: