Рост сўз тингламоққа қулоқлар илҳақ,
Баъзан топталганда ҳақиқату ҳақ,
Чин бир дўст топмоқлик мушкул муаббад,
Ҳақиқат ўтида ёниб гирёна,
Бугун сизни соғиндим Аминим яна…
Баъзилар қилганда ортимдан ғийбат,
Дўст ёр айласа аҳдга хиёнат,
Тошлар отса шаънимга, майлига фақат,
Бахтлиман бир кўрмоқ бўлса насиб,
Бу кун сизни соғиндим Расулим яна…
Қалбим ҳаловати сизнинг ёдингиз,
Умматга ўрнакдир гул ҳаётингиз,
Соғинчдан кўк қучди қалб фарёдимиз,
Ҳижрон бу кўнгилни айлар минг пора,
Бу кун сизни соғиндим Ҳабибим яна…
Ботқоқларга ботдик маъсиятлардан,
Қалблар ҳам қорайди зино шаҳватдан,
Анчайин олислаб қолдик тоқатдан,
Ҳақни излай-излай бўлдик дилпора,
Бугун сизни соғиндим Расулим яна…
Ҳақни истаганга сизсиз кифоя,
Сизнинг ишқингизга йўқдир ниҳоя,
Ҳуснингиз ёнида дунё нофия,
Роббимнинг раҳмати, Ҳақдан ҳадия,
Бу кун сизни соғиндим Расулим яна…
Бу соғинч тафтини босмоқлик мушкул,
Роббимга атадим бу қалбни буткул,
Бу ўтда ёнганлар охир бўлар кул,
Ўша кул бўлмоқчун орзуманд мана,
Бу кун сизни соғиндим Ҳабибим яна…
Сизга маҳбуб бўлмоқ энг ширин тилак,
Менга фақат сизнинг ишқингиз керак,
Ҳаққа икки жаҳонда Ҳабибсиз бешак,
Сиз учун боримни атадим, мана,
Бу кун сизни соғимдим Расулим яна…
Эй дил! Умидларим сўнгсиз, орзуларим мўл,
Энг олий истак шу: Ҳаққа маҳбуб бўл!
Ҳақнинг ишқи учун ҳали олис йўл.
Ҳар сўқмоқда қоқилиб боряпман мана,
Бугун сизни соғиндим Ҳабибим яна.
2-курс толибаси
Оиша Муҳаммадиева