islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АЛЛОҲ ТАОЛОГА БЎЛГАН МУҲАББАТНИ “ИШҚ” ДЕЙИШ МУМКИН ЭМАСМИ?

Маълумки, Аллоҳ таолога нисбатан муҳаббатли бўлиш мўмин банданинг муҳим одобларидан ҳисобланади. Баъзи уламолар Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни “ишқ” калимаси билан ифодалашни жоиз эмас деб ҳисоблаганлар ва бу ҳақда қуйидаги маънодаги сўзларни айтганлар: “Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат ишқ билан васф қилинмайди. Чунки ишқ шаҳват аралашган муҳаббатдир. Шунинг учун бу калимани Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатда қўллаш беодоблик саналади. Бу истилоҳ Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам келмаган, энг яхши асрларда яшаган зотлардан ҳам ҳеч ким Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишлатишмаган. Фақат кейинроқ жоҳил сўфийлар томонидан истиора (кўчма маъно) шаклида ишлатила бошланган”. Демак, ушбу қарашга кўра Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатда ишқ калимасини ишлатганлар беодоблик қилганлари келиб чиқади.

Аммо Сўфи Оллоҳёр бобомиздек соф эътиқод ҳимоячиси бўлган уламоларнинг асарларида эса ишқ калимасининг ишлатилганига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда табиий равишда бу калимани ишлатиш мумкин бўлмаса, ишлатганлар беодоблик қилганларми, агар ишлатиш мумкин бўлса, юқоридаги далилларни қандай тушунамиз, деган саволлар юзага келади.

Бу саволларга жавоб топиш учун “ишқ” калимасининг маъноларини ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Ишқ” калимаси луғатда “қалбнинг бирор нарсага қаттиқ боғланиши” маъносини англатади. Масалан, “фалончи фалон нарсага ошиқ” дейилса, “фалончининг қалби фалон нарсага қаттиқ боғланган”, деган маъно тушунилади. Қалбнинг боғланиши эса фақат шаҳват билан бўлмайди, балки унинг шаҳватсиз қаттиқ боғланиши мумкинлиги ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади. Демак, ишқ калимаси икки хил маънода ишлатилади:

1. Ишқ – қалбнинг бирор нарсага фақат яхши кўргани учун бошқа бирор таъмасиз қаттиқ боғланиши;

2. Ишқ – қалбнинг бирор нарсага нафснинг шаҳвоний эҳтиёжини қондириши учун қаттиқ боғланиши.

Шунга кўра, мўмин банданинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини ишқ калимаси билан ифодалаб бўлмайди, дейиш ишқ калимасининг маъноларидан бирини инкор қилиш бўлиб қолади.

Баъзи замон ёки баъзи маконларда ишқ калимасининг мазкур икки хил маъносидан бири иккинчисидан устун бўлиб кетган бўлиши мумкин. Масалан, бир юрт аҳолиси ишқ деганда фақат нафснинг шаҳвоний эҳтиёжини қондириши учун қалбнинг қаттиқ боғланишидан бошқа маънони тушунишмаса, ўшалар учун Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни ишқ калимаси билан ифодалаш ҳаром бўлади. Аммо бу ҳукм улардан бошқа мазкур калиманинг икки хил маъносини ҳам ўз ўрнида ишлатадиганларга тааллуқли бўлмайди, чунки булар ушбу калимани ўз ўрнида ишлатган бўладилар. Шунга кўра, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни ишқ сўзи билан ифодалаш истеора ҳам ҳисобланмайди. Чунки истиора бўлиши учун бир сўз ўз ўрни бўлмаган жойда кўчма маънода эканини ифодаловчи далиллар билан ишлатилиши керак бўлади. Масалан, “мажлисда ўтирган денгизни кўрдим” дейиш каби.

Ишқ калимаси Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам келмагани учун ишлатиб бўлмайди, деган гап ҳам уни ишлатиш жоиз эмаслигига етарли далил бўла олмайди. Чунки бу сўзни ишлатиш жоизлиги Қуръон ва Суннат билан собит бўлмаган бўлса ҳам, шаръий масдарлардан бири бўлган ижмоъ билан собит бўлган, дейиш ҳам мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатда ишқ калимаси яхши кўриш маъносида ўз ўрнида ишлатилган бўлади. Фақатгина бу калимани юқоридаги мулоҳазалар эътиборидан маълум бир қавмларнинг ҳузурида ишлатмаслик афзал бўлиши мумкин, холос.

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг “Саботул ожизийн” асарида бу калиманинг қандай ишлатилганига эътибор берайлик:

Кел, эй содиқ ҳариси ишқи Ҳақ бўл,
Кўнгил ёрони бир-ла ҳамсабақ бўл.

Яъни, эй ҳақиқий иймон келтирган дўстим, кел, Ҳақ таолога бўлган ишқни ардоқлагувчи бўлгин, кўнгил дўстлари, яъни, ишқни англагувчи ва уни ардоқлагувчи дўсту ёронлар билан бирга Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат тақозо қиладиган сабоқларни олгин. Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат эса қуйидаги нарсаларни тақозо қилади:

– Аллоҳга бўлган муҳаббат бошқа барча муҳаббатлардан муқаддам туриши керак;

– барча яхши кўрилган нарсалар Аллоҳга бўлган муҳаббатдан келиб чиқиши керак;

– банда қалбидаги Аллоҳ муҳаббати бошқа барча муҳаббатларни бўйсундириши керак.

Аллоҳ таоло барчамизни У зотга бўлган муҳаббатимиз тақозосига кўра яшаш бахтига муваффақ қилсин.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

128870cookie-checkАЛЛОҲ ТАОЛОГА БЎЛГАН МУҲАББАТНИ “ИШҚ” ДЕЙИШ МУМКИН ЭМАСМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: