Тарихимизда биз билмаган қозилардан яна бири Саид Ёқубхон тўра Саид Низомиддин ўғлидир. Саид Ёқубхон тўра 1823 йилда Тошкентда туғилган, аввал мадрасада мударрис, кейин қози ва қози-ул қуззот (қозиларнинг раҳбари, Олий судья деган маъноларни билдиради) лавозимларида ишлаган, нақиб унвонига эга бўлган. Саид Ёқубхон тўра Қўқон хонлиги ва Ёқуббек Бадавлатнинг “Еттишаҳар” давлати тарихида муҳим ўринга эга шахс ҳисобланади.
Қўқон хонлиги тарихида элчиликка тайинланган нуфузли шахслар, диний илм эгалари кўплаб учрайди. Шу жумладан, дастлаб Саид Ёқубхон тўра 1858 йили Қўқон хони Маллахоннинг турк султонига юборилган Мирзажон Афанди элчилигида котиб лавозимида Истамбулда бўлганлиги усмонли архивларда баён этилган.
1864 йил кузида Қўқон хонлигининг нуфузли шахсларидан бирига айланган Саид Ёқубхон тўра Қўқон хонлиги амирлашкари Мулло Алиқулининг турк султонига юборган элчилигига раҳбар сифати тайинланади ҳамда 1865 йил апрел ойларида Хива, Эрон орқали Истамбулга етиб келади. Тошкентнинг руслар томонидан 1865 йилда босиб олиниши ва Қўқон хонлигидаги вазият чигаллашиши натижасида Саид Ёқубхон тўра Истамбулда 2 йилга яқин қолиб кетади, 1867 йилда Оренбург орқали Қўқонга қайтиб келади.
Усмонли архивининг 1868 йилги ҳужжатлари ичида “Қозикалон Сайид Ёқубхон Саид Низомиддин ўғли” муҳри босилган арзнома мавжуд бўлиб, мазкур ҳужжатда Саид Ёқубхон тўра Қўқон хони Худоёрхон ва Қашқар ҳукмдори Ёқуббек Бадавлатларга босқинчиларга қарши курашда ёрдам бериш сўралган, усмонли архивидаги бошқа ҳужжатда эса Қўқон хонлигига юборилган кийим ва қурол – аслаҳалар учун усмонли ғазнасидан маблағ ажратилганлигини кўриш мумкин.
1869 йилда Саид Ёқубхон тўра усмонли турк империяси бош вазири Меҳмед Рушду пошшонинг қабулида бўлади, Ёқуббек Бадавлатнинг Шарқий Туркистондаги муваффақиятлари ҳақида сўзлаб беради ҳамда усмонли турк империясининг Ёқуббек Бадавлатнинг “Еттишаҳар” давлатига қизиқишини уйғотади. Натижада вазиятни ўрганиш учун усмонли ғазнасидан ажратилган маблағ эвазига Саид Ёқубхон тўра Миср, Ҳиндистон орқали Қашқарга юборилади. Ўрни келганда айтиб ўтиш жоизки, Саид Ёқубхон тўра Ёқуббек Бадавлатнинг узоқроқ қариндоши бўлади.
Ёқуббек Бадавлатнинг 1872 йилги ҳамда 1875 йилги усмонли турк империясига юборилган элчиликларига ҳам Саид Ёқубхон тўра раҳбарлик қилади. 1875 йилги элчилик якунида Саид Ёқубхон тўра Қашқарга Санкт – Петербург орқали қайтади. Натижада 1876 йилда у Россия императори Александр II, ҳарбий вазир Д. Милютин билан ҳамсуҳбат бўлади.
1877 йилда Қашқардаги ҳарбий – сиёсий вазият оғирлашади, натижада муаммони дипломатик йўллар билан учун Ёқуббек Бадавлатнинг топшириғига кўра, Саид Ёқубхон тўра Ҳиндистон, Истанбул орқали Лондонга қараб йўлга чиқади.
Худди ўша пайтда Хитой ташқи ишлар резиденти Куо Цунг тао (инглиз манбаларида Kuo tsung tao) ҳам Лондонга келади. Натижада Саид Ёқубхон тўранинг инглиз ҳукумати ёрдамида Хитой қўшинининг Шарқий Туркистонга бостириб киришини олдини олиш бўйича музокаралар бошлашига имконият туғилади. Лондонда Саид Ёқубхон тўра сэр Дуглас Форсайт ва сэр Томас Уайдлар кўмагида Буюк Британия сиёсий элитаси билан музокаралар олиб боради. Жумладан, келгусида 3 маротаба бош вазир, 4 маротаба ташқи ишлар вазири лавозимда ишлайдиган Роберт Солсбери (ўша вақтда Форин Офисда Ҳиндистон масалаларига масъул) билан кўришади.
Музокаралар 1877 йил 23 майида бошланади. Саид Ёқубхон тўра ўзининг шахсий фазилатлари, чуқур билими ва дипломатик тажрибаси туфайли, музокараларга муваффақиятларга эришади. Бироқ, сэр Томас Уайд (ўша даврдаги Англиянинг Пекиндаги масъули) қўллаб-қувватлови ва кафиллиги остида бошланган икки томонлама ҳамда тўғридан – тўғри музокаралар Хитой қўшинлари “Еттишаҳар” давлатига бостириб кириб, Турфон шаҳрини 16 май куни босиб олганлиги, Ёқуббек Бадавлатнинг 1877 йил 25 май куни вафот этганлиги тўғрисида 1877 йил 16 июл куни хабар келгандан сўнг тўхтатилади.
Шундай қилиб, Саид Ёқубхон тўранинг сўнгги элчилиги ўз ниҳоясига етади. Саид Ёқубхон тўранинг кейинчалик Кашмирда яшаганлиги ҳақида айрим рус манбаларида маълумотлар мавжуд.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аслида қози бўлса ҳам, юрти учун оғир вазиятларда Саид Ёқубхон тўра дипломатик фаолиятда катта муваффақиятларга эришган, унинг шахсий фазилатлари эса ўша даврнинг кўпчиликнинг (Н. П. Игнатьев, Д. Милютин, Д. Форсайт ва бошқалар) эътирофига сабаб бўлган ҳамда Саид Ёқубхон тўранинг ҳаёти ҳали чуқур ўрганишларни талаб этади.
Миркомил Мирмақсудов,
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси