Баъзи китобларда Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг узоқ умр кўргани, яъни, 150 йилдан кам яшамагани ҳақида ёзилади. 250-350 йил умр кўргани ҳақидаги гап машҳур бўлиб, бу хабар аслида Аббос ибн Язид Баҳронийга нисбат берилган, яъни, ундан ривоят қилингандир.
Имом Заҳабий бу ривоятнинг ишончли эмаслигини, ҳужжатга ярамаслигини ва мазкур маълумотни тасдиқлайдиган бошқа бирорта ҳам ишончли далил йўқлигини таъкидлаб ўтган:
“Мен Салмон розияллоҳу анҳунинг ёшлари ҳақида изландим, аммо Баҳронийнинг гапидан бошқа нарса топа олмадим. Ҳолбуки, унинг ривояти “мунқатиъ” (санади узилган) бўлиб, ишончли эмасдир. Салмон розияллоҳу анҳунинг ишлари, аҳволи, ҳарбий юришларда иштирок этиши, фаолияти, хатти-ҳаракатлари, хурмо шохларини тўқиши ва шу каби таржимаи ҳолида ўтган воқеаларнинг йиғиндиси у кишининг умри узун бўлмаганини, жуда узоқ яшамаганини, қариб мўнкиллаб қолмаганини билдиради.
Салмон розияллоҳу анҳу ёш йигитлик чоғида ҳақиқат излаб ватани (Исфаҳон)дан чиқиб кетган. Ҳижозга келганида ёши қирқ ёки ундан ҳам камроқ бўлгани ва жами етмиш неча йил яшагани маълум бўлади. У кишини юз ёшгача яшаган деб ҳисобламайман. Кимда бу ҳақда бирор маълумот бўлса, бизга хабар қилсин.
У кишининг умри узоқ бўлганини Ибн Жавзий ва бошқалар нақл қилишган. Мен бу борада ишонса бўладиган бирор нарсани билмайман.
Дарвоқе, Ибн Абу Ҳотимнинг “Илалул ҳадис”ида Собит Бунонийдан ривоят қилинади: “Салмон розияллоҳу анҳу бемор бўлиб ётганида Кўфа амири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у кишини кўргани келди. Иттифоқо, Салмон розияллоҳу анҳуни ўлим тўшагида йиғлаб ётганини кўрган Саъд розияллоҳу анҳу салом бериб ўтирди ва: “Эй биродарим, нега йиғлаяпсиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган даврингизни эсламаяпсизми, мабодо? Яхши манзараларни эсламаяпсизми?”, деб сўради. Салмон розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасам, уларни эслаб йиғламаяпман: бу дунёни яхши кўриб ёки Аллоҳ билан учрашишни ёмон кўриб йиғлаётганим йўқ”, деб жавоб берди. Саъд розияллоҳу анҳу: “Саксондан сўнг нега йиғлаяпсиз?”, деди. Салмон розийаллоҳу анҳу: “Йиғлаётганимнинг боиси, маҳбуб Пайғамбарим менга: “Сизлардан ҳар бир кишининг бу дунёдан оладиган насибаси йўловчининг йўл озуқасичалик бўлсин”, деб буюрган эдилар. Биз эса, шубҳасиз, бу қоидани буздик, деб қўрқамиз”, деди.
Бу ривоят Салмон Форсий розияллоҳу анҳу саксон йил атрофида умр кўрганини билдиради. Илгари, мен ҳам “Ат-тарихул кабир” (Тарихул Ислом) китобимда у кишини 250 йил яшаган деб зикр қилган эдим. Ҳозир эса, буни маъқулламайман ҳам, тасдиқламайман ҳам”, деган”.[1]
Абдуллоҳ Зуқайл: “Офарин Имом Заҳабийга! Тарих ва сийрат борасида ҳужжат бўлган бу имомни қаранг, у: “Кимда бу ҳақда бирор маълумот бор бўлса, бизга хабар қилсин”, деяпти!”[2].
Доктор Холид Кабир Аллол (عَلّال): “Имом Заҳабий айтган гапга биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган пайтда Салмон розийаллоҳу анҳу 50-55 ёшда бўлган, кейин ҳижрий 36 йилгача яшаган, вафот қилганида 70-75 ёшга етган бўлади.
Имом Заҳабийни бирор масалада тарихий далиллар етишмай қолганида, ҳолатлар ва “қарийналар” (кузатиш асосида олинган маълумотлар)га мурожаат қилиш орқали матнларни “тамҳис” (тозалаш) ва “таҳқиқ” (аниқлик киритиш, ҳақиқатини аниқлаш) билан ижтиҳод қиладиган мунаққид (танқидий таҳлил қилувчи), муҳаддис тарихчига ажойиб мисол (ўрнак) қилиб кўрсатса бўлади”, дейди[3].
Доктор Абдуллоҳ Фақиҳ: “Хулоса қилиб айтганда, Салмон розияллоҳу анҳунинг 250-350 йил яшагани ҳақидаги ривоят тўғри эмас. “Рожиҳ” (кучли, ҳақиқатга яқин)и эса, 80 йил атрофида ҳаёт кечирганидир”[4], деган.
Ҳақиқатан ҳам Салмон розияллоҳу анҳу 250 йил яшаганларида албатта, саҳобалардан бу ҳақда кўплаб ишончли ривоятлар келган бўларди.
Қуйидаги энциклопедия муаллифлари ҳам Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолини баён қилишганида, у кишининг туғилган йилини аниқлай олишмаган:
1) “Ал-мавсуъатул фиқҳиятул Кувайтия”, (3/358): “Салмон Форсий (? – 36 ҳ.). Баъзи ривоятлар у кишининг 250 ёшдан ошганига ишора қилади, лекин имом Заҳабий: “Менга аниқ-маълум бўлишича, у киши 80 ёшдан ошмаган”, деган” [“Ал-исоба”, (2/60); “Ал-истийъоб”, (2/634); “Ал-аълом”, (3/169); “Усдул ғоба”, (2/328)].
2) “Ал-мавсуъатул арабиятул оламия”: “Салмон Форсий (? – 36 ҳ., ? – 656 м.)”.
3) Зириклий, “Ал-аълом”, (3/111): “Салмон Форсий (000 – 36 ҳ. = 000 – 656 м.)”.
«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси
Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади
[1] “Сияру аъломин нубало”, (1/555 – 556).
[2] “Тарожим”, (1/2).
[3] “Ахтоул муаррих Ибн Халдун фи китабиҳи ал-муқаддима – диросатан нақдиятан таҳлилиятан ҳодифатан”, (1/76).
[4] “Фатово аш-шабакатил исломия”, (56648-фатво).