Бугун 4 май куни Тошкент Ислом институти 1-“З” курс толибаси Абдуллаева Фотима ўттиз (30) пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда талаба қизлар кузатиб бордилар.
Абдуллаева Фотима эрталаб соат 5 дан кейин Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, Аср намозида якунлади. Тошкент Ислом институтининг ўқитувчиси Исломхон домла Убайдуллаев ҳатми Қуръон дуосини қилиб берди.
Абдуллаева Фотима 2017 йил сентябрь ойида 1-курсга ўқишга кириб, устози Зафар қори Маҳмудовга Қуръони каримни кунига 1 жуздан ёдлаб топширишни бошлаган. Қарийб 8 ой мобайнида Каламуллоҳни тўлиқ ёд олиб, мана бугун бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берган эди. Гулруҳ Кенжабек 2014 йил ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади.
Хабарингиз бор, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабалари Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ҳам Қуръони каримни мана шу шаклда ўқиб берган эдилар.
Тошкент Ислом институти учун анъанага айланиб бораётган Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бериш малакаси бундан кейин ҳам ривожланиши ҳамда юртимиздан мана шундай қори ва қориялар кўплаб чиқишини Аллоҳ таоло Ўзи осон ва муваффақ қилсин!
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси
ўқитувчиси Зафар Маҳмудов