Бугун, 13 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида устозлар ҳамда битирувчи курс талабалари иштирокида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан янги нашр этилган “Таъвилот ал-Қуръон”, “Баҳрул калом”, “Абу Мансур Мотуридий”, “Исломда таълим”, “Хаттотлик санъати жозибалари” каби 10 дан зиёд китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотга ташриф буюрган марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd) Абдулатиф Аллоқулов йиғилганларни Рамазон билан қутлаб, илмий тадқиқот марказининг фаолияти билан таништирди.
Жумладан, илмий тадқиқот марказида таҳқиқ қилинаётган асарлар, таҳқиқ борасида Аҳмад Саъд Даманҳурий каби улуғ устозлар бошчилигидаги ишлар билан таништирди. Марказнинг йўналиши икки хил: таҳқиқ ва таржима йўналишларида фаолият олиб бориши. Таржима асарларни 7 нафар тадқиқотчи бирма-бир кўриб чиқиб, ундан сўнг марказ раҳбари кўриги бўлиши ва шундан кейингина нашрга берилишини, энг кўп урғу берилаётган нашрлар “Табсиратул адилла” ва “Таъвилотул Қуръон” асарларининг таржимаси эканлигини ҳам эслаб ўтди.
Шунингдек, маърузада илмий фаолият қилиб ўтган уламоларнинг таржимаи ҳоллари ҳамда мотуридийлик автобиографияси тайёрланаётгани, бу ишда эса маъҳад-мадраса битирувчиларининг фаоллигини алоҳида таъкидлади.
Тақдимот сўнгида марказ бўлиб бошлиғи Абдулатиф домла институт битирувчиларини фақатгина имом-хатиблик ёки мударрислик билан чекланиб қолмасдан, илмий тадқиқот марказларига ташриф буюриб, илмий йўналишда ўз устиларида кўпроқ ишлаш имконидан мазмунли фойдаланишларини тавсия қилди.
Шундан сўнг институт раҳбарияти номидан институт кутубхонасига совға қилинган асарлар ва ҳамкорлик учун миннатдорликмаъносида марказ директори Жамолиддин Каримовга ташаккурнома топширилди.
ТИИ Матбуот хизмати