islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қиз болани қандай йигитга турмушга бериш керак?

Ислом никоҳ масаласида ҳамиша ҳар икки томонни салоҳияти – Аллоҳ ва расулини таниши ва уларнинг кўрсатмасига қай даражада эргашишига эътибор беришга тарғиб қилган. Бунга хилоф иш тутиб, асосий эътибор икки ёшнинг салоҳиятига эмас, балки дунё матосига қаратилишини қаттиқ қоралайди ва бунинг оқибатида фитна ва фасодлар юзага келишини таъкидлайди.

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: “تنكح المرأة لأربع : لمالها، ولحسبها، وجمالها، ولدينها، فاظفر بذات الدين تربت يداك” . (رواه البخاري، ومسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аёл-қизларга (кўпчилик одамлар одатида) тўрт нарса учун уйланилади: мол-мулки учун ва (ота-бобосининг) обрўси учун ва жамоли-гўзаллиги учун ва дини учун. Сен дин-диёнатлисини қўлга киритгин, қўлинг тупроққа қорилгур(барака топкур)!”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиси шарифни қуйидагича шарҳлаганлар: “Ҳадисни маъносини англашда энг тўғри тушунча шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунда одамлар одатда қиладиган ишларининг хабарини бермоқдалар. Зеро, улар ҳақиқатда шу тўрт хислатни кўзлайдилар ва уларнинг мезонида дин-диёнатли аёл-қизлар охирги ўринда туради. (Демак, бу ҳадисда шаръий мезон асосидаги тартиб эмас, балки одамларни одатий мезонлари айтилган экан. Аслида шаръий мезонга кўра, дин-диёнатлиси биринчи ўринда экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўзлари сўнгида) Ҳой, тўғри йўл-мезонни излаган йигит, сен (ундай қилмагин, балки) диндорини қўлга киритгин!”.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِذَا خَطَبَ إِلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَزَوِّجُوهُ، إِلَّا تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الأَرْضِ ، وَفَسَادٌ عَرِيضٌ “. (رواه الترمذي، وابن ماجة).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиган яна бир ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ҳузурингизга ўзингиз унинг дини ва хулқидан рози бўладиган (кўнглингиз тўладиган) йигит (ёки киши)дан совчи келса, бас, унга қизингизни турмушга берингизлар! Агар, ундай қилмасангизлар, ер юзида фитна ва кўп фасод-бузуқлик бўлур!”. (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиси шарифни қуйидагича шарҳлаганлар: “Ҳузурингизга совчи бўлиб келса” яъни бир йигит ёки киши сизлардан қизларингиз ёки яқинларингиздан бир аёл-қизни ўзига турмушга беришингизни сўраса. “…ўзингиз унинг дини ва хулқидан рози бўладиган” яъни диёнати ва муомаласини яхши деб биладиган. “…Бас, унга қизингизни турмушга берингизлар! Агар ундай қилмасангизлар, ер юзида фитна ва кўп фасод-бузуқлик бўлур!” яъни чунки агар сизлар қизингиз ёки яқинингизни фақат бой-бадавлат ёки обрўли шахсларга турмушга бермоқчи бўлсангизлар, бунинг оқибатида кўплаб аёл-қизларингиз эрсиз, кўплаб эр-йигитларингиз хотинсиз қолишлари мумкин. Натижада, йўлдан озиб, зино қилиб қўйиш ҳоллари кўпаяди. Бу эса валийлар (йигит ва қизнинг ота-она, яқинлари)га ор келтириб, сўнг фитна ва фасодлар қўзғалади. Бунинг ортидан эса (оқ қилиш ёки бошқа сабаб билан) насабнинг узилиши ва салоҳиятсизлик (диёнатсизлик) ва иффатсизлик ҳоллари урчийди”.

Имом Тийбий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Бу ҳадисда Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг сўзига ҳужжат бор. Зеро, у “Никоҳда икки ёш орасидаги тенглик масаласига фақат дин-диёнатда риоя (эътибор) қилинади холос. (Бошқа томонлардан – насаб, обрў, мол-мулк, касб-ҳунар ва бошқаларда йигитнинг даражаси қизникидан паст бўлса-да, дин-диёнат борасида ўзаро тенг бўлсалар, қизни у йигитга турмушга бериш керак)”, дейди”. (Мирқотул-мафотийҳ)

Тўғри, бизнинг мазҳабимизда икки ёшнинг ҳар томондан тенг бўлиши кераклиги айтилган. Лекин мабодо, йигитни қўли бироз калта бўлган тақдирда ҳам, ўзаро розилик бўлса, уларни никоҳига бизнинг мазҳабда ҳам монелик йўқ.

Манба: Fajr.uz

164380cookie-checkҚиз болани қандай йигитга турмушга бериш керак?
3 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: