Илм толиби ўз фикрини тўғри шакллантириши учун муайян таълим тизими ва қоидаларига риоя қилиши лозим. Бу борада буюк уламоларимиз қуйидаги мезонларни белгилаганлар: Имом Муҳаммад Шайбоний айтадилар: «Илмга учта хислат билан эришилади: кучли рағбат, заковатли ақл ва моддий таъминот». Имом Шофеий таъкидлайдилар: «Толиби илм уч нарсага муҳтож: узоқ умр, моддий барқарорлик ва заковат». Хатиб Бағдодий шу жумлаларни келтириб шундай изоҳ берадилар: «Узоқ умр» — илмга доимий боғланиш; «моддий барқарорлик» — тирикчилик ташвишидан холи бўлиб, бор эътиборни илмга қаратишдир.