islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Янгиликлар

Бўлимлар

Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг 1–3 жилдлари тақдимоти бўлиб ўтди

Имoм Бухoрий нoмидаги Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг дастлабки 1–3 жилдлари тақдимоти ўтказилди. Ушбу муҳим маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Ислом энциклопедияси бўлими мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тўхлиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳамда Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири, фалсафа фанлари доктори (PhD) Маъмуржон Эркаев иштирок этдилар. Шунингдек, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва ходимлар тадбирда фаол қатнашдилар. Энциклопедия – исломшуносликда улкан қадам Тадбирни институтнинг Илмий ишлар ва фан бўйича проректори С.Примов очиб берди ва сўзни институт ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғафуровга берди. Ректор ўз нутқида энциклопедиянинг исломшуносликдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, унинг узоқ умр кўрувчи, келажак авлод учун ҳам манба бўлиб қоладиган асарлардан бири эканини билдирди. Шунингдек, у совет давридаги машаққатли шароитда ҳам Қуръони карим маънолар таржимаси каби буюк ишлар амалга оширилганини эслаб ўтди. Нурислом Тўхлиев: “Энциклопедия – давлат раҳбарининг шахсан назаридаги иш” Академик Нурислом Тўхлиев нутқида энциклопедиянинг яратилиш тарихи ва мақсадларига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу иш 20 жилддан иборат қилиб режалаштирилган бўлиб, давлат раҳбарининг шахсан назоратлари остида амалга оширилмоқда. Н.Тўхлиев энциклопедия мақолаларини тайёрлашда бирламчи манбалардан фойдаланиш, илмийлик, холислик ва оммабоплик тамойиллари асос қилинаётганини қайд этди. Ушбу асарнинг фарқли жиҳати шундаки, уни кенг жамоатчилик ҳам осон англай олади. Маърузачи турли мисоллар келтирди: “Уйғониш даври одамлари” асарида 99 нафар Бухорий нисбали, 30–40 нафар Термизий ва Насафий алломалар тилга олингани, Шаҳрисабз ва Иштиҳондан йигирмадан ортиқ муҳаддислар етишиб чиққанини, энциклопедиянинг мақсадларидан бири – кенг омма билмаган, аммо ислом илмида из қолдирган алломаларни ҳам тарихга муҳрлаб қўйиш эканини таъкидлади. Шунингдек, Н.Тўхлиев энциклопедия яратиш тажрибасини халқаро мисоллар билан солиштириб, Туркиядаги ISAM тўплами 60 йил давомида 700 дан зиёд муаллиф иштирокида тайёрланганини ва 44–45 жилддан иборат бўлганини қайд этди. Энциклопедияда кимлар акс этади? Тадбирда таъкидланишича, энциклопедияга: саҳобалар ва тобеинлар, юртимиздан чиққан буюк алломалар, ислом цивилизациясига ҳисса қўшган Европа олимлари ҳам киритилмоқда. Мақолаларда шахслар ҳаёти билан бирга уларнинг асарлари, илмий мероси ва улар ҳақидаги тадқиқотлар ҳам ҳавола қилинади. Бу эса энциклопедияни нафақат умумий маълумот, балки илмий йўналишда ҳам муҳим манбага айлантиради. Меҳмонлар фикрлари ЎМИ раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов нутқида энциклопедиянинг юртимизда илм қайта тикланаётганидан далолат беришини таъкидлади. У Самарқанддаги Чокардиза қабристони ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб, унда 1 млн 240 минг уламо дафн этилгани, уларнинг 400 мингдан ортиғи Муҳаммад исми билан танилганини қайд этди. Маъмуржон Эркаев эса энциклопедиянинг илмий ва оммабоп йўналишда бўлиши лозимлигини айтиб, бу асарнинг ҳар бир атама ва мисоллар билан бойитилиши муҳимлигини қайд этди. Энциклопедиянинг аҳамияти Нурислом Тўхлиев энциклопедиянинг аҳамиятини қуйидагича ифода этди: у дин, илм, фан ва маданият вакиллари учун масъулиятли вазифа, оммага етказишда қисқа, лўнда ва тушунарли бўлиши, мақолалар илмий талабларга жавоб бериши, хар бир мақоланинг муаллифи кўрсатилиши орқали масъулият ва жавобгарлик таъминланиши. Якуний хулоса Тадбир якунида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Энциклопедия мақолаларининг ОАК талабларига мослиги, электрон шакли ва Википедия каби очиқ платформалардаги ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди. Институт раҳбарияти тадбир меҳмонларига миннатдорлик билдириб, ташакурнома ва эсдалик совғаларини топширди. 21

Ўзбекистон делегациясининг Иорданияга ташрифи

Юртимиз диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига амалий ташриф билан борди. Делегация таркибида Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси проректори Зокиржон Рўзиев иштирок этмоқда. Ташриф доирасида Иордания Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазирлиги, шунингдек, Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Суҳбатларда мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендия ва тураржой ажратиш бўйича келишувларга эришилди. Делегация аъзолари Иордания халқаро ислом фанлари университети ректори Жафар ал-Фанатсех билан ҳам учрашиб, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик йўналишлари, магистратура мутахассисликлари, қўшма илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчиларнинг стажировкалари ва англашув меморандумлари имзолаш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, делегация аъзолари Иорданияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашиб, “Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш” ва “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзуларида маърузалар ўтказдилар. Учрашувда талабаларга қонунларга риоя қилиш, юртимиз илм-фани ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш тавсия этилди. Ташриф доирасида Иордания халқаро ислом фанлари университети Шариат ва қонун факультети профессорлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда икки томонлама илмий ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегациясининг Иорданияга ташрифи самарали ва мазмунли кечмоқда. 113

Тошкент ислом институти талабалари учун маданий-маърифий экскурсия ташкил этилди

Имoм Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан 3-курс талабалари учун навбатдаги маданий-маърифий экскурсия ташкил этилди. Экскурсия давомида талабаларга Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Рахматулло Олтинбоев ва Ахборот-кутубхона ресурслари билан хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Абдулазиз Қодиров ҳамроҳлик қилди. Талабалар аввало Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. У ерда мутахассислар томонидан марказнинг асосий вазифалари, фатво чиқариш тартиби, диний саволларга жавоб бериш жараёни ва илмий хулосалар тайёрлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, соҳага оид зарур жавобларни олдилар. Шундан сўнг талабалар “Шамсиддин Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйига ташриф буюриб, диний-маърифий адабиётлар яратилиш жараёни, китобларни таҳрирлаш, босма жараёни ва тарқатиш ишлари билан танишдилар. Нашриёт вакиллари томонидан талабаларга сўнгги йилларда чоп этилган асарлар, таржима қилинган китоблар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Мазкур экскурсия талабаларга диний соҳада амалга оширилаётган илмий-маърифий ишлардан яқиндан хабардор бўлиш, назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш ва келгусида ўз фаолиятларида қўллаш имконини беради. 108

Имом Мотуридий марказида мотуридийшунослик бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 11–16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таниқли мотуридийшунос олим, Истанбул университети Илоҳиёт факультети профессори, доктор Ҳамза Бакрий иштирокида ўқув семинари ташкил этилди. Семинар доирасида профессор Ҳамза Бакрий XII асрда юртимизда яшаб ижод қилган аллома Алоуддин Косонийнинг “ал-Муътамад фи-л-муътақад” асарини шарҳлаб, замонавий мутаассиб оқимларнинг ғояларига аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асосида раддия бериш методологияси ҳақида атрофлича маърузалар ўқиди. Мазкур семинарда Имом Мотуридий маркази илмий ходимлари билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасалари ўқитувчилари, жумладан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари ҳам иштирок этиб, ўз билим ва малакасини оширдилар. Дарс жараёнида семинар қатнашчилари томонидан берилган долзарб саволларга аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асосида батафсил жавоблар берилди. Семинар сўнгида эса “Алоуддин Косонийнинг “ал-Муътамад фи-л-муътақад” асари шарҳи” мавзусидаги малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаган барча устозларга махсус сертификатлар топширилди. 146

Тошкент ислом институтида 2025-2026 ўқув йили 1-сонли Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

2025-2026 ўқув йилининг дастлабки кунларида Тошкент ислом институтида 1-сонли Кенгаш йиғилиши ўтказилди. Мажлисга институт ректори, Кенгаш раиси Уйғун Ғафуров раислик қилди. Кун тартибидаги масалалар Йиғилиш кун тартибида қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди: Институт Кенгаши ва Тафтиш ҳайъати таркибини тасдиқлаш; 2025-2026 ўқув йили учун Кенгашнинг йиллик иш режаси; Институтнинг умумий йиллик иш режаси, проректор, кафедра ва бўлим бошлиқларининг иш режаларини тасдиқлаш. Шунингдек, 2024-2025 ўқув йилида ЎМИ ва институт буйруқлари ижроси, фуқаролар мурожаатлари ҳамда Кенгашнинг ўтган йилдаги фаолияти юзасидан А. Эгамов ахбороти тингланди. Қўшимча масалалар Бошқа масалалар қаторида қуйидагилар муҳокама қилинди: Битирув (диплом) ишлари мавзуларини тасдиқлаш ва илмий раҳбарлар тайинлаш (С. Примов); Талабаларга академик таътил бериш ва талабалар сафидан четлатиш (Н. Турабоев); Талабалар турар жойида тўлов миқдори, кун тартиби ва профессор-ўқитувчилардан иборат навбатчиликни тасдиқлаш (Х. Аманов); Фан ойликлари, қўшимча дарс ва тўгараклар ташкил этиш (Н. Турабоев); 2025-2026 ўқув йили учун ишчи-ўқув режалари ва ишчи дастурларни тасдиқлаш (Ж. Рузиев). Хулоса Мажлис якунида кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилиб, масъулларга топшириқлар берилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди. 194
1 2 3 270