ХХ аср ўзбек адабиёти ва санъатида, ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этган, миллат маърифати, озодлиги, ҳурлиги йўлида мардонавор курашган бу улуғ маърифатпарварнинг сермашаққат ва сермаҳсул фаолияти тарих саҳифаларидан мангу ўрин эгаллади, авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолди.

Кейинги йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасини абадийлаштириш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ қилиш, илмий ва бадиий асарларини кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2024 йил 27 декабр санасида давлатимиз раҳбари томонидан “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Шу муносабат билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходимлари ҳамда талабалар “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шахсияти ва ижодини яқиндан ўрганиш” шиори остида маънавий саёҳат ташкил этдилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз фаолияти давомида халқни илм-фанга, тараққиётга, миллий ўзликни англашга чорлаган, “Падаркуш” номли илк ўзбек драмаси орқали ўз даврининг долзарб масалаларини ёритган маърифатпарвар сифатида тарихда чуқур из қолдирган.
Тадбир давомида талабаларга Беҳбудийнинг ўз халқининг маънавий юксалишига қўшган ҳиссаси, унинг адабий, сиёсий ва маърифий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, бу ташриф ёшлар қалбида миллий қадриятлар, ватанпарварлик ва маърифатга интилиш туйғуларини янада мустаҳкамлайди.






