islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37

НИКОҲ — МЕҲР АҲДИ, ТАЛОҚ ЭСА ОХИРГИ ЧОРА

Оила — инсон қалбининг энг оромли маскани, меҳр-муҳаббатнинг энг пок боғи, ҳаёт йўлидаги энг ишончли ҳамроҳликдир. Бу боғнинг илдизи никоҳ деб аталмиш муқаддас аҳдга суянган бўлади. Никоҳ — икки инсоннинг бир том остида яшаш ҳақидаги келишувигина эмас, балки икки қалбнинг бир мақсад, бир орзу ва бир тақдир сари қадам қўйишидир.

Ҳаётда шерикликнинг турли кўринишлари мавжуд. Савдогарлар тижоратда, деҳқонлар ерда, ҳунармандлар меҳнатда шерик бўладилар. Улар ўртасидаги ишонч мустаҳкам бўлса, ризқларига барака қўшилади, ишлари ривож топади. Аммо орага хиёнат, ғараз ёки манфаатпарастлик аралашса, барака кўтарилади, меҳнат самараси завол топади.

Оила ҳам худди шундай. Эр ва хотин аҳдларига содиқ қолиб, бир-бирларининг камчиликларини кечирсалар, бир-бирларига суянч бўлсалар, бу хонадонда фаришталар қанот ёзади. У ерда меҳр ҳукмрон, муҳаббат эса доимий меҳмон бўлади. Бундай оила фарзандлар учун тарбия маскани, жамият учун эса эзгулик манбаидир.

Аммо баъзан ҳаёт осмонини келишмовчилик булутлари қоплайди. Бир-бирини тушуниш ўрнига айблашлар, меҳр ўрнига адоватлар пайдо бўлади. Нафратнинг совуқ шамоли муҳаббат гулларини сўлдиради. Агар бу ҳолат давом этса, оила бахт манзили эмас, дард масканига айланади. Шундай вазиятларда Ислом дини инсонларни чорасиз қолдирмайди. У талоқни оилани бузиш учун эмас, балки икки қалбни узлуксиз азоб ва душманликдан асраш учун охирги чора сифатида белгилаган.

Аллоҳ таоло эр-хотин муносабатларини ислоҳ қилиш учун аввало сабр ва ҳикмат йўлини кўрсатади: «…Аввало уларга насиҳат қилинглар. Сўнгра уларни ётоқларда тарк қилинглар. Сўнгра (зарурат туғилса) уринглар. Агар сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк зотдир». (Нисо сураси, 34-оят)

Бу оятдаги тартиб оиланинг нақадар қадрли эканини кўрсатади. Чунки Ислом ажралишдан аввал барча ислоҳ йўлларини синаб кўришни буюради. Аввало насиҳат қилинади. Зеро, қалб эшиги кўпинча ширин сўз билан очилади. Кўнгиллар меҳр билан юмшайди, ҳикмат билан ўзгаради. Агар насиҳат таъсир қилмаса, эр ўз ранжишини ётоқни алоҳида қилиш орқали билдиради. Бу араз эмас, балки оила тақдири хавф остида турганидан огоҳлантиришдир.

Шундан кейин ҳам ислоҳ бўлмаган ҳолатлар учун Қуръонда келган чора ҳақида сўз юритилади. Аммо буни зўравонлик деб тушуниш мутлақо нотўғридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалага ойдинлик киритиб шундай деганлар: «Аёлларни мажруҳ қилмасдан, кўкартирмасдан ва қаттиқ озор бермасдан танбеҳ беринглар». (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти)

Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари билан мусулмонларга энг гўзал намуна бўлганлар. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон қўллари билан хотинларини ҳам, хизматчиларини ҳам урмаганлар». (Имом Муслим ривояти)

Яна бир ҳадисда у зот: «Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганларингиздир». (Имом Термизий ривояти)

Демак, куч эркакнинг қўлида эмас, балки ғазабини жиловлай олишида намоён бўлади. Буюклик қаттиққўлликда эмас, балки кечиримлилик ва раҳм-шафқатдадир.

Оила — Аллоҳнинг неъмати. Уни сақлаб қолиш учун сабр керак, фидойилик керак, муҳаббат керак. Чунки муҳаббат билан қурилган уйнинг деворлари ғиштдан эмас, ишончдан қад кўтаради. Ишонч йўқолган жойда эса ҳатто муҳташам сарой ҳам вайронага айланиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир эр ва ҳар бир аёл никоҳ аҳдининг муқаддаслигини унутмаслиги лозим. Чунки никоҳ икки инсоннинг эмас, икки тақдирнинг бирлашувидир. Уни асраш эса ҳар икки томоннинг муқаддас бурчидир.

Аллоҳ таоло хонадонларимиздан меҳрни, қалбларимиздан муҳаббатни, фарзандларимиздан саодатни аямасин. Оилаларимиз тинчлик, тотувлик ва барака маскани бўлиб қолсин.

Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

464160cookie-checkНИКОҲ — МЕҲР АҲДИ, ТАЛОҚ ЭСА ОХИРГИ ЧОРА

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: