Ислом оламида бешинчи аркон муборак ҳаж зиёрати адо қилинадиган зулҳижжа ойи кириб келди. “Йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”, деган ояти каримага – Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ зиёратчилар ҳаж амалини бажаришга ошиқмоқдалар. Зулҳижжа ойининг фазилатли қурбонлик кунларида қурбонликни ният қилганлар, ушбу ниятини адо қилганларга беҳисоб ажру савоблар ёғилиши бор. Ҳазрати Али розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”, дедилар.