Бугун бутун дунё глобализация деган жараённи бошдан кечираётгани рост. Глобаллашувнинг яхши жиҳатлари ҳам бор, албатта. Аммо салбий таъсирлари ҳам талайгина. Жумладан, ушбу жараён давомида катта-кичик жамиятлар олдида пайдо бўлаётган энг катта қўрқув – бу миллий ўзликни сақлаб қолиш билан боғлиқ муаммолардир. Зеро, нисбатан кичик бир жамият бошқа йирик жамиятлар томонидан секин аста ўза домига тортаётгани кўпчиликни хавотирган солаётган бўлса, ажабмас.
Мутлақ глобаллашув жараёни юқори нуқтага етганида дунёда ўзбеклар умуминсониятдан, яъни бошқа халқ ва жамиятлардан ўзининг қайси жиҳатлари билан ажралиб туради, яъни фарқланади? Агар, ушбу саволга жавоб топа олмайдиган ҳолатда бўлсак бу – миллат ва миллийликни бор-будича сақлаб қолишни хоҳловчилар учун жуда хавотирли белги-аломатдир. Маълумки, аксарият миллатлар ўзига хосликлари билан дунёнинг бошқа халқларидан ажралиб туради. Бу уларнинг тарихий илдизларидан мерос бўлиб келаётган ва фақат ўзигагина тааллуқли бўлган белгилардир. Шундай экан, бугун биз туркий миллатларнинг бош бўғини ўлароқ дунёнинг бошқа ўзликларидан фарқланмасак, ўша буюк цивилизацияларнинг юксалишига муҳим ҳисса қўшган уламолар бизнинг аждодларимиз эканига келажак авлод – ёшларимиз ишонмай қўйишлари мумкин.
Табиийки, мазкур гаплардан кейин «Бу ишониш, яъни ишонч нима учун, нега керак?» деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки: бу ишонч фарзандларимизнинг эл-юрт корига ярайдиган, Ватанни ардоқлайдиган йигит-қиз бўлиб вояга етиши учун керак. Аждодларимизни эса уларга ўрнак қилиб кўрсатишимиз учун керак. Зеро, улар буюк боболаримизга эргашган ҳолда катта мақсадлар сари интиладилар.
Ёшлар бизнинг келажагимиз. Бир қарашда бу жумлалар баландпарвоз гапдек туюлади. Аммо бу ҳақиқат. Ҳар ким, айниқса бола, ўзининг аждодлари билан (аввало, ота-боболари билан) фахрланиб юришни хоҳлайди. Ушбу фахр ёш авлоднинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериши аниқ.
«Болада фақат ота-онанинг эмас, бутун бир миллатнинг ҳаққи бор. Унга яхши таҳсил бермаслик эса миллат ҳаққига хиёнат қилиш билан баробар» (Аҳмад Лутфи Қозончининг «Ўгай Она» асаридан)
Аҳмад Лутфий Қозончи бу ерда таҳсил деганда тарбияни назарда тутгани шаксиздир. Негаки, тарбиясиз орттирилган ҳар қандай илм тап тортмай ёмонликка хизмат қилиши тайин. Бунга мисол тариқасида бутун дунё аҳли учун ҳали ҳам энг хавфли яратиқ, яъни кашфиётлардан бири бўлиб турган атом бомбаси аксар инсонлардан бир неча карра билмлироқ бўлган шахс томонидан ихтиро қилинганини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Америкалик йирик сиёсатчи Патрик Жосеп Бучаненнинг «Ғарбнинг ўлими» (The Death of West) асарида шундай гап бор: «Нима учун мен фарзандли бўлишни хоҳламайман, биласизми? – дейди 34 ёшли берлинлик тадбиркор Габриелла Тангийзер. – Чунки мен тўйиб-тўйиб ухлашни хоҳлайман. Кўп китоб ўқиганим учун уйқуга тўйиб олмасам бўлмайди».
Китобдаги бошқа қаҳрамон, Габриелланинг юртдоши, 37 ёшли Андреас Ҳерман фарзандли бўлишдан воз кечган ҳолда даромадини икки баробар кўпайтириб яхши яшашни исташини айтади.
Ушбу мисоллардан олишимиз мумкин бўлган хулоса шундан иборатки, агар инсонга болалигидан қадриятлар тўғри тушунтирилмаса, у ҳар қандай жаҳолатни ҳақиқат ёки тўғри қараш деб унга эргашиб кетиши мумкин. Бу эса, занжир реакцияси мисоли давом этиб, жамиятни илдизидан нуратадиган энг ёмон жиҳатдир.
Олмониялик файласуф Иммануел Кант «Инсон фақат тарбия орқали инсон бўлади, унинг қандайлиги тарбиянинг натижасидир», дея тарбиянинг одамлар ҳаётида муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этган. Халқимизда эса «Бола одоби билан гўзал» деган нақл бор. Тўғри гап. Аммо нега бу ҳолатда болаларга юкланаётган одобли бўлиш мажбуриятини катталарга ҳам қўлламаймиз? Одоб ҳар ким учун муҳим эмасми?
Шуниси аниқки, ҳеч қайси ота-она ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Шундай экан, жамиятимизда таълимдан аввал тарбия беришга алоҳида эътибор беришимиз керак.
Ушбу институтни шакллантиришда ота-онлар, айниқса оналарнинг ўрни катта. Агар онада етарлича билим ҳамда дунёқараш бўлса, унинг тарбиясини олган бола келажакда жамият учун манфаат келтирадиган инсон бўлиб етишади, иншааллоҳ.
Жамият учун энг хавфли ҳолатлардан яна бири – бу бола тарбияси билан ота-она эмас, балки ўзга шахсларнинг шуғулланишидир. Ваҳоланки, бола сизники, аммо унинг тарбияси сизники бўлмаса, амалда у энди сизнинг фарзандингиз бўлмай қолиши мумкин. Тан олиш жоиз, бола атрофидаги нарсалар билан танишиш, дунёнинг ўрганишга интилиш ҳисси тўхтатиб бўлмас даражага чиққан керакли пайтда кейинги вақтда рўзғор ташвиши, пул топиш илинжида бўлган ота-она кўп ҳолда фарзандларининг ёнида бўлмайдилар. Айнан шу даврда ота-оналар болани ўзгалар ҳатто, баъзан ота-оналарнинг ўзлари ҳам яхши танимайдан тарбиячи ва ўқитувчилар қўлига топширадилар. Ажабланарлиси, аксар ота-она болаларига мактаб ва ўқитувчилар томонидан таълим-тарбия берилиши керак деган фикрдалар. Бу иш қанчалик тўғри? Бинобарин, боланинг ўсиши-улғайиши, камол топиши учун фақат мактаб ҳамда ўқитувчилар масъул эмас. Чунки улар биринчи навбатда таълим беришга масъул муассаса ва шахслардир. Шу сабабдан улар сизнинг болангиз тарбияси учун жавобгар эмас. Шундай экан, болангиз бир кун келиб сиз хоҳлагандик инсон бўлишини истасангиз – фарзандингиз учун ўзингиз етарлича вақт ажратинг. Бошқалар томонидан тарбияланган болангиздан ўзингиз хоҳлаган ишларни талаб қилишингиз нотўғри иш эканини ўзингиз тушунаётган бўлсангиз керак?
Асрлар қаъридан келаётган қадрятларимизда Ислом дини катта ўрин тутади. Зеро, Исломда тарбия масаласи, нафақат тарбия, балки жамият учун муҳим бўлган ҳамма йўналишлар, жиҳатлар жуда гўзал ҳолатда тартибга солинган. Шундай экан, нега энди қандайдир янгилик ўйлаб топишимиз керак? Тайёр дастуриламалга риоя қилиб яшаш энг тўғри йўлку!
Хулоса ўрнида айта оладинганмиз шуки, болаларнинг келажакда қандай инсон бўлиб етишиши бошқа ҳар қандай шахс ёки тузилмалардан кўра ўз ота-оналарининг ҳаракатларига, ниятларига боғлиқдир. Шу сабабдан ҳам ота-оналар ўз фарзандларига эътибор қаратиб, улар учун имкон қадар кўпроқ вақт ҳамда куч-қувват сарф этишлари шарт.
Алибек Худойбердиев
«Ҳилол» журнали 9(78) сон.






