2020 йилнинг 26 сентябрь куни маҳоратли журналист, «O‘zbekiston 24» телеканали бош муҳаррири Муҳаммаднозим Мавлонов вафот этди.
Муҳаммаднозим Мавлонов 1964 йил 6 март куни Сурхондарё вилояти, Денов туманида туғилган.
Журналист узоқ йиллар «Ахборот» дирекциясида фаолият олиб борган ва турли мавзулардаги долзарб репортажлар тайёрлаган. 1999 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Айниқса, ижодкорнинг ҳаж мавсумида Саудия Арабистонидан тайёрлаган туркум лавҳалари машҳур. Муҳаммаднозим Мавлонов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги янгиликларни, хусусан ҳайит намозларини ҳамда диний соҳага оид хабарларни тайёрлаб марказий телеканаллар орқали халқимизга етказар эди.
Тошкент ислом институти жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
ТИИ матбуот хизмати