Бугун, 3 декабрь куни Тошкент ислом институти 1 курс талабаси Ғофуржанов Аҳмадуллоҳ қори 30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Аслиддин қори Мирзамиддинов, Элёр қори Аҳматқулов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.
Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржонов тонгги соат бешдан Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, аср намозидан кейин якунлади. Шундан сўнг «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ТИИда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.
Аҳмадуллоҳ қори Тошкент ислом институтига ўқишга киришидан аввал Андижондаги Саййид Муҳиддин Маҳдум Ислом ўрта махсус билим юртида Улуғбек қори Нишонов олдида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган эди. 2020 йили Тошкент ислом институти ўқишга киргач устози Аҳмадхон қори Рашидовга топшириб борди. Ушбу меҳнатларининг самараси ўлароқ бугун бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга муваффақ бўлди. Ёддан ўқиб бериш вақтида 2 мартагина “луқма” олиб, қолган ўринларда бехато, адашмасдан Каломуллоҳни хатм қилди.
Аҳмадуллоҳ қори ва унинг устозларига Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ташаккурлар билдириб, мана шундай етук қориларни етиштириб чиқаришда омадлар тилади. ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, проректор Умид домла Ходжаев, кафедра мудирлари Соатмурод домла Примов, Обид домла Тангиров, Фазлиддин домла Сувонов ва барча иштирокчилар, биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ва Аҳмадуллоҳ қорининг ҳақига эзгу дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар. Аҳмадуллоҳ қорига институт фонди ҳисобидан ноутбук ва китоблар тўплами ҳадя қилинди.
«Таҳфизул Қуръон» кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда. Эътиборлиси, ушбу амалиёт хориждаги Қуръон ёдлатишга мўлжалланган мадраса ва олийгоҳларда ҳам кам учрайдиган ҳолатдир.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ва яқиндагина Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев ҳам Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.
Шунингдек, аёл-қизлардан Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Мираҳмадова Хуснора, Маҳаматханова Мухлиса, Қурбанова Хадича ва Абдуллаев Фотима ҳам Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.
Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.
Тошкент Ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчи Адҳам Юсупов