Яратган Аллоҳ юртимизни бебаҳо неъматлар ила сийлаган. Уларнинг орасида қадимий қўлёзмаларидан бири – Катта Лангар Қуръони улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга. Бу нодир мусҳаф халқимиз, қолаверса бутун инсониятнинг бебаҳо меросидир.- Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон раислигидаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташаббуси билан мусулмонлар томонидан II Жаҳон урушида Қизил Армияси учун 1 280 000 сўм (рубль) пул, 117 000 сўмлик облигация қоғозлари, 63 тонна буғдой, 90 бош қорамол йиғиб берилган ва ушбу маблағлардан 790 000 сўми танк колоннасини барпо этишга ажратилган. Пул маблағининг қолган 490 000 сўмлик фонди фронт ва фронт ортидаги оилаларнинг таъминоти учун ташкил қилинган. Бу маълумот Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган Муфтий Эшон Бобохоннинг 1944 йилда И.В.Сталинга йўллаган расмий хатида ўз аксини топган. Манба «Ўзбекистон уламолари» китоби 530
1941 йил II Жаҳон уруши бошлангач Совет Иттифоқи ҳудудида дин ва диндорларга бўлган муносабат ўзгарди. Бунгача 1917-18 йилдан буён босқичма-босқич дин ва диндорларга нисбатан зулм ва қатағон сиёсати юргизилди. Масалан, 1917-20 йилларда «Ҳужум» компанияси, «Худосизлар ҳаракатлари» диний муассасалар, масжид, мадрасаларни вайронага айлантирди. 1923 йили «Туркистон шароитида аксилдиний ташвиқот олиб бориш» резолюцияси қабул қилинди. 1925-32 йилларда Тошкентда очилган «Фан ва дин» журналида дин, эътиқод қораланди. 1937-39 йилдаги қатағонда Ўзбекистонда 43 000 киши қамалди, 6 920 нафари отиб ташланди. II Жаҳон урушида фашист Германияси Совет Иттифоқидаги атеистик сиёсатни қоралаб турли миллат ва дин вакиллари орасида тарқоқликни келтиришни кўзлади. В.Коларц «Совет Иттифоқида дин» китобида 1941 йил 22 июндаги воқеалар шўроларни динга қарши олиб бораётган тарғиботларни тўхтатишга мажбур бўлди, деб ёзади. Урушнинг аввалги ойларидаги катта йўқотишлар ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан узлуксиз давом этган таъқибларни барҳам беришга мажбур бўлди ва диндорларнинг ҳукуматни қўллашини кўзлади. Вазиятни яхши англаган Эшон Бобохон бошчилигидаги қардош республика уламолари 1943 йил 12 июлда СССР Олий Совети Президиумига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини очиш таклифи билан расмий хат йўллайди ва шу йилнинг 31 июлида 55-қарор билан диний идора очишга рухсат олишади. 1943 йилдан буён ишлаб келаётган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назорати 1992 йилдан Марказий Осиё республикаларининг ҳар бирида қайта ташкил этилиб, юртимиздагиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси дея юритила бошлади. Манба «Ўзбекистон уламолари» китоби 428