islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТИЛ БЕБАҲО НЕЪМАТ

Мақтовларимиз ва шукроналаримизни тилимиз билдиришга имкон бергани учун Раббимизга ҳамдлар, тиллимизни савобли сўзларга ўргатишни буюрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломларимиз бўлсин.

Тил бебаҳо неъмат. Бу неъматнинг шукри тўғри адо этилган тақдирда, у соҳибини кўп яхшиликларга етказади, икки дунё бахт-саодатига эга қилади. Аксинча, тилнинг ҳаққи адо этилмай, уни гуноҳ бўладиган ишларга қаратилса, эгаси ҳамма яхшиликлардан ҳар икки оламда маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган инсонга нутқни – гапиришни ўргатди. Нутқ, сўзлашиш ва баён қилиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради, уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида нутқ ато этилган, мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир. Аллоҳ таоло одамни Ўзининг Ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берган. Бу ҳам бўлса, одамга турли нарсаларнинг номларини ўргатишидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай дейди:

“(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз”! Бақара сураси, 31 оят.

Яъни, инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида улар номини идрок этади ва бу номларни ўз маъносида ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ имкониятлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, бировга тоғнинг нималигини тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғ олдига олиб бориб, атрофидан айлантириб кўрсатишдан ўзга чора қолмаган бўлур эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, Ер юзидаги ҳаётни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин бўларди. Аллоҳ таоло ўзининг каломида айтадики, “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағрифат қилур. Ким Аллоҳга ва пайғамбарга итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб 70-71) .

Ислом кишиларни барча офатлардан, жумладан тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Тил офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган.

Аллоҳ ўз фазли билан берган тилимизни улуғ неъмат эканини эътироф этиб, уни фойдамиз йўлида, инсонларга наф берадиган тарзда ишлатишга ҳаракат қилайлик.

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби З.ШАРИФОВ

2015 йил 4 сентябрь кунидаги жума тезиси асосида тайёрланди. 

104100cookie-checkТИЛ БЕБАҲО НЕЪМАТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: