Тил тараққиёт ва маданият асоси ҳисобланади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Ҳар қандай тил – миллат ва халқнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Тилни сақлаб қолишда адиб ва ёзувчиларнинг ўрни беқиёс. Мисол учун А. Қодирий, С. Айний, Ойбек, Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор каби адибларимизнинг асарларига ёндашсак, уларнинг ҳаммаси ҳам жонли халқ тилини адабий тилга санъаткорона пайванд қилиб ишлатилганларини кўрамиз. Аммо худди шу икки дарёни — жонли халқ тили билан адабий тилни бир-бирига қандай қилиб қўшиш, уларни қандай уйғунлаштириш масаласини ҳар бир ёзувчи ўз олдига қўйган ғоявий-бадиий вазифадан келиб чиқиб, ўзига хос дид, иқтидор, ҳаётий тажриба иштирокида мустақил ҳал қилади. Уларнинг бадиий тилларидаги ранг-баранглик шундан келиб чиқади. Халқимиз бежизга «Тилга эътибор — элга эътибор», «Тил — миллат кўзгуси» дейишмаган.
Тилни сақлаб қолишда диний соҳа ходимларининг ўрни беқиёс. Улар халқимизга Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу Билиг” асари ва Бобур Мирзонинг “Мубаййин” асари кабиларни етказишни ўзи катта хизматдир.
Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитьа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган.
Ҳозирги кунда чет тилларни ўқитиш ривожланмоқда. Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Айрим ҳолатларда ёшлар ўртасида чет тилини ўзлаштириш борасида баъзан қийинчиликлар юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаби ўз она тилимизни яхши билмаслигимиздир. Интернет маълумотларини кузатар эканмиз ўзбек тилидаги интернет маълумотдаги кўплаб маълумотлар ҳали ҳам ўша 90 йилларда киритилгандан буён янгиланмаган. Ривожланган Япония давлатини олиб қарасак II жаҳон урушидан кейин иқтисодини тиклаш учун чет тилидаги кўплаб китобларни япон тилига таржима орқали ёшларига ўз тилида ўқитди. Бунинг натижасини эса фан техника соҳасида улкан ютуқларга эришаётганидан гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз халқимиз тафаккур пойдеворини ўз тилимизда ривожлантирмас эканмиз бошқа тил, урф-одат, маданият ва жамият ҳамда давлатларга тобе бўламиз.
Яратганга шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимиз томонидан ўзбек тилига катта эътибор қаратилмоқда. Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик кенгаши бўйича учрашувлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети ҳамда махсус ёзувчи-шоирлар номига атаб қўйилган мактабларни ташкил қилинганлини ўзи ҳам фикримизга ёрқин далил.
Демак, ҳозирги кунда ўз она тилига бўлган эътиборни янада оширишимиз, адабиётга ошно бўлиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими услубчиси А.Мадаипов