islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Диний-маърифий нашрда болаларга диний сабоқ бериш бошланди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашри ҳисобланган “Ҳидоят” журналининг 2018 йилнинг 1-сонидан бошлаб “Болалар саҳифаси” рукни остида болалар учун сабоқлар берила бошланди. Бу ҳақда ЎМИнинг рамий сайти хабар бермоқда.

Болалар учун сабоқлар улар тушунадиган лотин ёзувида берилмоқда. Ушбу сабоқларни кузатиб бориш ва “Ҳидоят” журналига обуна бўлишни истаганлар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги масжидга мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб зтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашрлари “Ислом нури” газетаси учун бир йиллик обуна нархи 36 минг сўм ва “Ҳидоят” журнали учун эса 45 минг сўмни ташкил этади.

Қуйида Аҳмад Муҳаммад томонидан тайёрланган “Табаррук каломлар” номли биринчи сабоқ билан танишишингиз мумкин.

Ассалому алайкум, азиз нуридийдалар!

Қани энди “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб чўкка тушиб ўтиринг-чи! Нега бундай деймиз, унинг маъносини биласизларми? Унинг маъноси: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман” демакдир. Ҳар бир мусулмон фарзанди нима иш қилса ҳам, хоҳ дарс ўқисин ё бирор ишни бошлаётган бўлсин, уйга кираётган ёки дастурхонга ўтириб овқатланаётган бўлсин, хоҳ уйқуга ётаётган ёки кийим кияётган бўлсин, албатта, ана шу сўзларни айтиши керак. “Бисмиллоҳ”сиз бошланган иш баракали бўлмайди. Биз мусулмонлар ҳатто “Бисмиллоҳ” айтилмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини емаймиз.

Бундан ташқари, сиз билиб олишингиз керак бўлган яна бир калима бор. У бундай айтилади: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”. Маъноси: “Аллоҳ даргоҳидан қувилган шайтоннинг ёвузлигидан паноҳ сўрайман” дегани. Қуръондан бир оят ўқисангиз ҳам, албатта, олдин анашу калимани айтиш керак.

Қуръон ўқиш учун таҳорат қилиш зарур. Таҳорат қилиш унчалик қийин иш эмас. Олдин қўлларингизни уч марта ошиғи билан яхшилаб ювасиз, кейин оғизни уч марта сув билан чайқаб, бош ва кўрсаткич бармоқларингиз билан тишларни ишқайсиз, бурунга уч бор сув тортиб қоқасиз. Кейин юзингизни, пешонадан ияк остигача ва икки қулоқ орасини уч марта яхшилаб ювасиз.

Сўнгра икки қўл билакларини тирсаклар билан қўшиб ювасиз, қўлингизни ҳўллаб бошингизга, қулоқларингизга ва бўйнингизга (сурасиз) масҳ қиласиз. Шундан сўнг оёқларни тўпиғи билан қўшиб, панжалар орасига бармоқ тиқиб яхшилаб ювасиз. Бу амалларни қилиш тартибини ота-онангиздан сўрасангиз, сизларга яхшилаб ўргатишади. Ҳозирча шулар етарли. Хайр, болажонлар!

Администратор

25600cookie-checkДиний-маърифий нашрда болаларга диний сабоқ бериш бошланди
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: