islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

КАМТАРЛИК

Камтарлик ҳақида гап борганда баъзан мўмин-қобил , содда, бир чеккада кимтиниб-кимсиниб турадиган киши кўз олдимизга келади. Лекин кўз олдимизга ҳар қандай нарса ҳам тўғри бўлавермагани каби бундай тахайюл ҳам тўғри эмас. Асл камтарликнинг нима эканини билмоқлик учун унинг антонимини излаш керак. Шубҳасиз, у – худбинлик, такаббурлик ва манманликдир. Хўш, такаббурлик ва манманлик нимадан ҳосил бўлади? Бизнингча, у Аллоҳ томонидан ато этилган неъматни ўзи яратган неъматдай кўриб, бу билан жоҳилона кибру ғурур қилишдан, неъматнинг асл соҳиби ва ижодкорини тамимасликдан келиб чиқади.

Камтар инсон доимо ҳар бир неъматга қаноатли ва шукронали бўлади. Камтар инсоннинг ҳар қандай ишида холислик бор. Дейлик, мураккаб бир шароитда бирор одамга ёрдам қилса ҳам ундан бунинг эвазига таъмагирлик қилмайди. Камтар инсон қайси соҳада меҳнат қилмасин, албатта ўша жойда ҳурмат-эътибор ва қадр топади. У оламга жар солиб кеккайиши, ўзини танитиши шарт эмас, одамлар уни ўзлари тезда топиб олишади. Чунки камтарона фазилатли бу инсон ҳамма вақтда ва ҳар жойда керакли инсондир. Шунинг учун ҳам жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Ибодатнинг афзали тавозеъ, яъни камтарликдир” деб камтарликни мўмин-мусулмон киши ибодатининг энг олий нуқтаси сифатида бежиз баҳо бермаганлар.

Ҳазрати Абдухолиқ Ғиждувоний ёзадилар: “Агар қалбинг суҳбат истаса, фақирлар, дил шикаста (кўнгли синиқ), аҳлуллоҳлар билан ҳамсуҳбат бўл. Номдор бўлмоқчи бўлсанг асло номдор бўлма. Бирор кишига хизмат буюрма. Ўз юкингни ўзинг кўтар. Ўзингни ҳамиша, ҳамма жойда хоксор тут. Ўзингни ҳаммадан паст билки, бу жуда муҳим хислатдир. Аллоҳнинг ҳамма махлуқотлари – катта-ю кичикка ҳам марҳамат ва шавқат назари ила қара. Уларни асло ҳақир билма…” деб ёзганлар.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг уйларига меҳмон келса, Ҳазрати пир меҳмонга ҳам, унинг уловига ҳам ўзлари хизмат қилганлар. Ҳазрат Баҳоуддиндан: “Уйингизда нега қул ёки хизматкор сақламайсиз?” – деганларида, ул зоти шариф: “Қулга қул сақламоқ жоиз эмас” – деган эканлар. Яъни, бизнинг ўзимиз Аллоҳ таолонинг қуллари бўлсак, яна уйда қул сақлаймизми, деган эканлар.

Демак, шайхлар бировларнинг юкини кўтарган, лекин ўзлари ҳеч қачон бировларга юк бўлмаган зотлардир.

Таниқли мутасаввиф олим ва шоир Садриддин Салим Бухорий бир суҳбатда қуйидаги ибратли ҳикояни сўзлаб берган эдилар: “Бир киши Ҳожи Тешабобо ҳузурларига келиб дейди:
– Тақсир, менга хизмат буюринг. Менинг қўлимдан ҳамма иш келади!
Тешабобо дедилар: – Сиз қўлимдан ҳамма иш келади деяпсизми? Наҳотки ҳамма ишни қилиб билсангиз?! Хўш, ундай бўлса, қани, марҳамат қилиб мана шу охурдаги сомонни бир челак сутга айлантириб беринг!
Ҳалиги киши қизариб кетади.
– Қўлингиздан келмайдими?! Ахир, бу оддий сигир қўлидан келадиган иш-ку! Ёхуд мана бу тут баргини еб, ипакка айлантириб бера қолинг! Ёки бу ҳам қўлингиздан келмайдими?! Ахир оддий қуртнинг қуввати, салоҳияти, илми сизда йўғу яна ҳамма иш қўлимдан келади, деяпсизми?
Эй фарзанд! Билгинки, ҳамма иш Аллоҳ таолонинггина қўлидан келади. Биз бандаларга тақсимлаб берган вазифалар бор. Ўшаларнигина Аллоҳ изни билан қилишимиз мумкин! Аллоҳ камтар бандаларини яхши кўради. Буни унутманг!

401-гуруҳ талабаси Тўхтасинов Шоҳруҳ

276231cookie-checkКАМТАРЛИК

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: