islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дилда ишқим…

Чексиз ҳамд-у сано бирла каломлар,
Бўлсин Раҳмон ва Раҳмли Раббим учун!
Мукаммал, тугал салот-у саломлар,
Бўлсин суюклигим – Ҳабибим учун.
Оламлар сарвари Расулим учун!

Олам узра эсиб майин шаббода,
Макка четидаги кичик кулбада,
Таваллуд топдингиз сиз душанбада,
Рабиъул-аввалдир, ўн иккинчи кун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Оламга раҳмат пайғамбар ўзингиз,
Умматга йўлбошчи, раҳбар ўзингиз,
Ҳам меҳрибон, ҳам жонкуяр ўзингиз,
Умматни доимо қўйдингиз устун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Бобом Иброҳимнинг дуосидурсиз,
Исо ибн Марямнинг башоратисиз,
Онангиз Омина тушларидурсиз,
Хотамун набийсиз, зулматда учқун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Муҳаммадсиз, Аҳмаддурсиз доимо,
Тинмай мақталурсиз оламлар аро,
Барча пайғамбар ҳам мақталур, аммо
Сизнинг фазлингиз улардан-да устун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Ҳуснингиз кўркамдир, ойдан ҳам гўзал,
Бўйингиз ўрта бўйдан баландроқ сал,
Елкангиз кенг, хилқатингиз мукаммал,
Раббим яратгандир, оламга бутун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Сиз эдингиз доим Аллоҳга Ҳабиб,
Башарият-чун дармонсиз, ҳам табиб,
Даволайсиз агар қалб бўлса майиб,
Сиздан бутун коинот бўлган мамнун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Дунёдан ўтдингиз бўлиб карамли,
Раҳмли эдингиз доимо, ҳам сабрли,
Синовлар бўлса ҳам қанча аламли,
Чидардингиз бўлса-да оғир-узун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Адолат, тавозеъ, шукр борасида,
Тенги йўқсиз одамлар орасида,
Сиз-чун сўз тополмай мен норасида,
Ҳаёлим паришон, сўзларим тутқун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Зикрингиз бирла безагум сўзларим,
Қувватланур ҳар томир-илдизларим,
Ишқингиздан намлансайди кўзларим,
Ҳабибим, негадир иймоним турғун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

“Қалбимга ишқингиз жойлансин абад,
Расулим, ишқингизда йиғлай фақат”
Сизга сўз айтмоққа бўларму тоқат,
Ҳабибим, равзангизга борсам бир кун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Ҳаёт йўлидан чиққанда сўқмоқлар,
Қалбим эзиб, қийнамасин қийноқлар,
Сувсизликдан чанқаганда томоқлар,
Кавсардан тўйиб-тўйиб ичсам ул кун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Одамлар қилсалар сизга муҳаббат,
Биров тўхтатмоққа қилур ҳаракат,
Тўқур сиз ҳақингизда бўхтон, туҳмат,
Бўлиб кетди-ку булар тугун-тугун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Улар билмайди-да қандайлигингиз,
Ёки кўролмайди буюклигингиз,
Аллоҳ битиб қўйган буюк номингиз,
Ўчиролмас уни ҳеч қайси қонун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Мадина саодат, сакинат шаҳри,
Ғазабланганни унда тушар қаҳри,
Макка эса ернинг маркази – бағри,
Кошки, уни зиёрат этсам бир кун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Ҳазрат Али, Усмон ҳамда Умарлар,
Хизматингизда доим шай турарлар,
Абу Бакр доим сиз бирла юрарлар,
Мусо оғаси бўлганидек Ҳорун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Кўпайиб кетмоқда айб-у нуқсоним,
Қачон тугаллашар заиф иймоним,
Дардлар бирла тўлиб кетган ҳар ёним,
Буларни ўйласам йиғларман беун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Набийюллоҳ, жоним фидодир сизга,
Амал қилай ҳар вақт суннатингизга,
Куч-қувват, ғайрат берсин Худо бизга,
Дунё иши учун бўлмайин маҳзун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Доим сизга айтай, айтай саловат,
Шул сабаб иймоним бўлсин саломат,
Саййидим, барчани қилинг шафоат,
Ҳисоб-китоб қилинар Қиёмат кун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Ўтмоқда умримизнинг баҳор-ёзи,
Жаранглайди бутун уммат овози:
“Ҳабибим, биздан бўлинг фақат рози”.
Илоҳим, гуноҳлар ювилсин бугун.
Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Тошкeнт ислом институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Ҳамидий

106500cookie-checkДилда ишқим…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: