Ўрганувчи, мустақил ёки репетитор билан ёки курсларга қатнаб ўрганадими, деярли бир ҳолатга тушаверади. Аввалроқ ёдлаганларини янгилари билан ўчиргандек, барча машқлари бекордек, билганлари ҳеч қачон амалга чиқмайдигандек туюлади. Бу ҳолат онгнинг иштирокисиз мияда бўладиган фаолият ҳақида билмасликдан бўлади.
Ўқувчининг асосий вазифаси кўпроқ ўқиш, тез-тез ёдлаш, давомий машқ қилишдан иборат. Яна соғлом озуқа, етарли уйқу билан таъминлаш ҳам ўрганувчининг зиммасида. Миянинг эса ўз иши бор, унга аралашвермаслик керак.
Таҳсил бесамара кўриниб келиб, бирданига киши тушида хорижий тилида гапириб юборади; ўнгида ҳам кутилмаган вазиятда қийин матнни ўқиб ё эшитиб худди ўз она тилидек тушунаётганидан хайратга тушади; ўзини “билмасвой” деб юрган вақтида атрофидагилар тилни билишини эътироф қилиб қолишади. Бу марра қачон эгалланиши жуда кўп индивидуал омилларга боғлиқ, лекин ўрганувчи бунга бир неча бор «муваффақиятсизликларни» кечиб ўтиб етиша олади.
Хотира жавонларига билим бирликларининг тахланиши миянинг иши дедик. Бу жараён учун маълум вақт керак. Машқингиз қанчалик интенсив ва давомий бўлса онг-ости мия жараёнлари шунчалик фаол бўлади. Хатто, ва айниқса уйқу вақтида мия ҳужайралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб боради. Буни сиз ҳис қила олмаслигиз сабабидан “ўргана олмаяпман” деган хато фикр онгингизда ўрнашиб, билим олишдан тўхтаб қоласиз.
Демак, тил ўрганишда қуйидагиларга аҳамиятли бўлиш керак:
Биринчидан, машқларингиз дарҳол самарама бермаётганини нормал ҳолат, деб билиб, “ўргана олмаяпман” деган фикр туғилиши билан унинг хатолигини англанг.
Иккинчидан, эътиборни тилни ўзлаштириб олишга эмас ТИЛ ЎРГАНИШ ОДАТИЙ КЎНИКМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ҚАРАТИНГ. Бир кун ҳам янги сўз, грамматик қоида, машқ қилмаслик билан ўтмасин. Озгина бўлсин-у, лекин бардавом бўлсин. Ҳар куни. Майли хафтасига 2-3 кун бир соат вақт ажратинг. Лекин кунига ҳеч бўлмаса 10-20 минут аяманг. Кўникма ҳосил бўлиши учун 30 кун, унинг яхши ўрнашиши учун яна 30 кун кетдади дейишади. Жами 60 кун. Бир кун ўтказиб юборсангиз ўттиз кунликни бошидан бошланг. Чунки, сизда ТИЛНИ ЎРГАНМАСЛИК кучли кўникмаси енгиш зарур.
Тилни ўрганиб бориш одатини ҳосил қилиш жуда осон. Дейлик, ҳали бирон курсга қатнашни бошламадингиз, кўникмани эса пайдо қилиш керак. Мактаб бошланғич синфларининг инглиз (немис, испан, араб) тилидан эскириб кетган дарслигини топинг. Ҳар куни уйдан чиқаётганингизда бир саҳифасини йиртиб олинг. Уйда ўтириб иккала бетини ўқиб чиқинг, ҳар сатрни ўқиганингзда кўзни қоғоздан узиб бир икки қайтаринг. Кифоя. Қоғозни чўнтакка солиб ишингизга равона бўлинг. Йўлда, тушликда, вақт пайдо бўлди дегунча ҳалиги варақни яна ўқиб чиқинг. Дафтарча тутиб унга янги сўзлар, ибораларни кўчириб ёзсангиз зўр бўлади. Уйга қайтиб бу саҳифани ҳохласангиз ташлаб юборинг, ҳохласангиз сақлаб қўйинг, лекин эртасига эски китобнинг янги саҳифасини йиртиб олинг. Муҳими нафсга ҳеч бир малоллик келмасин ва эътибор давомийликда бўлсин. Бир ойда деярлик 60 бет ўқиб қўясиз. “Эсимда қолмади барибир” деманг. Хотирадан ўчмаганини аниқ билмайсиз.
Тил ўрганишни одатга айлантирсангиз чет тилини чўнтагимга жойладим деб ҳисоблайверинг.
Жамшид Муслимов, блогер-иқтисодчи