islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Номи ўчсин урушни..

Қарийб бир аср ҳукмронлик қилган коммунистик тузум ноҳақликлар ва зулм-истибдод ўчоғи бўлди. Ватанини, муқаддас динини, имонини ҳимоя қилганларни босмачилар, “ҳукумат” одамларида шубҳа туғдирганлар ватан душманига чиқарилди, бошқа хил айблар қўйилиб, бадном қилинда ва қатл қилинди. Шукроналар бўлсинки, ҳақиқат қарор топди. Мустақиллик учун асрлар бўйи курашиб келган ота-боболаримизнинг орзулари рўёбга чиқди. Аллоҳ таоло истиқболи порлоқ бўлган истиқлолимиз туфайли эркимизни қўлимизга берди. Миллий қаҳрамонларимиз, олиму-фузалолар номи улуғланмоқда.

Шу қатори тарих бизни инсоният тақдирини ҳал этган Иккинчи жаҳон уруши йилларидан қанчалик йироқлаштирса, немис-фашист босқинчилари устидан қозонилган ҳарбий сиёсий, маънавий ғалаба, бу ғалабани таъминлаган жангоҳлардаги қаҳрамонликлар, мамлакат ичкарисидаги меҳнат жасоратларининнг куч ва салмоғи шунчалик ошаверади. Кўп миллатли ҳамдўстлигимизнинг бирлиги, қудрати, оммавий халқ қаҳрамонлигининг шуҳрати, улуғворлиги келажак авлодларимизнинг хотирасида абадий сақланиб қолаверади. Бу қаҳрамонона кунларнинг шуҳратини ҳеч ким ҳеч қачон унутмайди. У тарих саҳифасига олтин ҳарфлар билан ёзилгандир.

Уруш келтирган талофатлар қай даражада эканини, унда тўкилган қон, кўз ёшлари, ғам-ташвишларни ҳеч нарса билан ўлчаб, тенглаштириб бўлмаса керак. Эндигина бир дунё орзу-умидлар билан турмуш қуриб, уруш туфайли ҳаёт лаззатидан маҳрум бўлган куёв ва келинчакларнинг ҳижрон дардларини, яккаю ёлғиз ўғлидан жудо бўлган ота-оналарнинг, отасидан айрилган гўдакларнинг кўз ёшларини нима билан ўлчаш мумкин?

Уруш 27 миллионга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бундан ташқари миллионлаб ярадорлар, контузия бўлганларнинг ҳам саноғи йўқ. Қардошлик мозорларига дафн этилган номаълум жангчилар, уруш чорраҳаларида дом-дараксиз йўқолган, лекин ор-номусини, шон-шарафини йўқотмаган содиқ кишилар ҳам оз эмас эди.

Ғалабани таъминлашга ҳаётнинг барча жабҳа соҳа вакиллари жалб қилинди. Жумладан, маҳаллий матбуот, радио ва алоқа воситалари ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар. Республика, вилоят, шаҳар ва район газеталари, радио алоқа воситалари юртимиз фарзандларининг жангоҳларда кўрсатаётган қаҳрамонликлари ҳақида ва уларнинг жанговар хатларини “фронтдан хатлар” (письмо с фронта) рукни остида ва фронт орқасидаги астойдил меҳнат қилаётган ёшлар, хотин қизлар, қариялар тўғрисида хабарлар бериб, кенг меҳнаткаш оммасини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда жуда катта ишлар қилди. Ҳар кун эрталаб юзлаб кишилар радиокарнайлар атрофида Совинформбюронинг ахборотини сабрсизлик билан кутар ва тинглар эдилар.

Мард ўзбек ўғлонларидан 120 мингдан зиёди кўрсатган қаҳрамонликлари учун орден ва медаллар билан мукофотланди. Шулардан 32 киши учала даражадаги Шуҳрат ордани билан тақдирланди. 280 киши Севет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга сазовор бўлди.

Бугун биз уруш қаҳрамонлари кўрсатган мислсиз жасоратларни мадҳ этиш билан бирга фронтдан қайтиб келмаганларнинг, ота-боболари дитёрини, ўз ватанини ҳимоя қила туриб, мардларча ҳалок бўлганларнинг хотирасини, айрим сабабларга кўра бедарак йўқолганлар номини ҳурмат билан тилга оламиз.

Кейинги пайтларда юртимизнинг ана шу мард ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш юзасидан кўламдор ишлар амалга оширилди. Айниқса, республикамиз мустақилликка эришгач, ўтган олтмиш йил мобайнида ватан душмани номини олган, ҳеч қандай сабабсиз сибир ўрмонларида, турмаларда, концлагерларида ва меҳнат колонияларида ҳалок бўлганлар номини тиклаш юзасидан кўплаб амалий ишлар қилинди. Бугунги кунда урушда қаҳрамонлик кўрсатиб, ҳалок бўлган жангчиларга она қишлоқларида ёдгорликлар ўрнатилди ва номлари зарҳал ҳарфлар билан битилди. Руҳларига бағишлаб Қуръони каримлар тиловат қилинди.

Йиллар ўтган сайин уларнинг муборак номлари қалблардан қалбларга, диллардан дилларга ўтаверади, тарих саҳифаларида абадул абад қолажак!

Тошкент ислом институти талабаси Аллаберган Рузметов

137380cookie-checkНоми ўчсин урушни..

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: