islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олийжаноблик ва сабр сабоғи

Хузайма ибн Бишр деган сахий инсон бор эди. Фақир ва муҳтожларга жуда кўп ёрдами тегар эди. Ҳатто пули борлардан ҳам мол-давлатини қизғонмас эди. Дунё чархпалаги айланиб мол-дунёси қўлдан кетди ва фақир инсонга айланиб қолди. Бу ҳолатни эшитган инсонлар, хусусан унинг фойдаси теккан одамлар бир-икки ой унга ёрдам қилиб турдилар. Кейин улар ҳам унинг ҳолидан хабар олмай қўйдилар ва жуда қийин аҳволда қолди.

У турган вилоят волийси Икрима ибн Файёз деган инсон эди. У Хузаймани танир эди. Бир куни у аъёнларидан Хузайма ҳақида сўради. Унинг аҳволини унга етказдилар. У буни эшитиб даҳшатга тушди ва “Хузайма қашшоққа айланди? Унга ёрдам берувчи топилмади? Фақирликдан қўрқмай эҳсон қилувчи Хузайма камбағалга айланди?” деб юборди. Тунда, ҳамма ухлаган пайт Икрима оғир бир қопни елкасида кўтариб Хузайманинг уйига келди ва унинг эшигини қоқди. Хузайма “Ким у?” деди.

Икрима “Бир меҳмон..” деди, елкасидаги юкни унинг олдига қўйди ва “Бу сенга” деди.

– Қаердан бу?
– Аллоҳнинг молидан.
– Сен кимсан?
– Синган сахийларни тикловчи.
– Аллоҳ ҳаққи, кимлигингни айт.
– Синган сахийларни тикловчи.

Шундай деб у тезда у ердан қайтиб кетибди. Икрима уйига қайтганда хотини кутиб турар эди. У волий кечасида бошқа хотинининг олдига борган деб ўйлади. Икрима ундай эмаслигини айтди. Хотини “Унда қаерга бордингиз?” деди. У “Агар сенга айтадиган иш бўлганда кечаси ҳамма ухлаганда бормаган бўлар эдим” дейди. Охири хотин қўймади ва унга воқеани айтиб берди ҳамда буни сир сақлашини тайинлади.

Бир неча замонлар ўтди. Хузайма бир куни халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг олдига борди. Халифа унга “Эй Хузайма? Қаерларда юрибсан. Анчадан бери сен ҳақингда эшитмай қўйдим” деди. Хузайма бўлган воқеаларни айтиб берди. Халифа “Синган сахийларни тикловчи ким экан?” деди. У “Билмадим, айтмасдан кетди” деди. Сулаймон “Таниб қолганингда яхши бўлар эди” деди ва унга бир қанча динорлар беришни буюрди. Кейин Хузаймани вилоят волийси этиб тайинлади.

Хузайма қўлида Икриманинг волийликдан бўшагани тўғрисидаги фармонни олиб унинг саройига кириб келди. Уни Икриманинг ўзи пешвоз чиқиб кутиб олди. Хузайма унга фармонни берди. У “Барчаси яхшиликка” деб қабул қилди. Сўнг Хузайма “Мусулмонлар молини ҳисоб-китоб қилиб олайлик” деди ва ҳисоб-китоб вақтида молдан бир неча миқдорда кам чиқди.

Хузайма “Мол қани эй Икрима?” деди.
У “Билмадим” деди.

– Унда ўз молингдан бер.
– Менда мол йўқ.

Икримани бир неча муддатга қамаб қўйдилар. У озиб ҳоли ўзгариб кетди. Икриманинг хотини бўлган ишларни эшитиб Хузайманинг олдига борди. У Хузайманинг амакисини қизи эди. Унга “Эй Хузайма! Синган сахийларни тикловчисига берган мукофотинг шуми?” деди. Икрима бу сўзни эшитиб бир сакраб тушди ва “У Икрима эдими..? У Икрима эдими…?” дедида ва қамоққа қараб югурди. Бориб унинг қўлидаги кишанларни еча бошлади. Кўзидан тинмай ёш қуйиларди. Икрима “Нима бўлди. Нега йиғлаяпсан?” деди. У “Сенинг олийжаноблигинг, сабринг ва ўзимнинг сенга қилган муомалам учун йиғлаяпман. Сен ва жиянимнинг юзига қандай қарайман энди” деди.

Унга яхши таомлар беришни, янги либослар кийдиришни буюрди. У ўзига келгач “Юр энди халифанинг олдига борамиз” деди ва бирга бордилар. Халифа уни кўриб “Яқиндагина волий бўлган эдинг. Нега келдинг” деди. У “Синган сахийларни тикловчисини олиб келдим. Сиз ҳам уни билишни истасангиз керак” деди. Халифа даҳшатга тушди ва “У Икрима эканми? Тамом бўлдинг эй Ибн Абдулмалик ва шошқалоқлик қилдинг. Эй синган сахийларни тикловчиси! Бизни олийжаноблигинг ва сабринг билан хижолатга солдинг” деди ва унга ўн минг динор беришни буюрди. Сўнг уни волийликка қайта тайин этди ва “Хоҳласанглар вилоятни бирга бошқарингар” деди. Улар юртларига қайтиб вилоятни бирга бошқардилар…

Аллоҳ учун яхшиликда бардавом бўлинг. У сизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди.

“Албатта, албатта Аллоҳ яхшилик қилувчилар билан биргадир” (Анкабут сураси, 69-оят.)

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади.

@habib_uz

150000cookie-checkОлийжаноблик ва сабр сабоғи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: