2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган, аммо бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар юқорилигича қолмоқда. Хусусан, 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.
Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг маълум қилишича, чақалоқ савдоси жиноятлари 2019 йилда Сирдарё, Хоразм вилоятида бештадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида тўрттадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида учтадан содир этилган.
Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда 19 та ҳолатда оилавий шароит оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3 та ҳолатда уй-жой олиш, 9 та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10 та ҳолатда моддий манфааат учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда.
Чақалоқ савдоси жиноятида иштирок этган шахсларнинг 10 нафарини ёки жами воситачиларнинг 32 фоизини тиббиёт соҳаси вакиллари ташкил этади.
Умуман, 2019 йилда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар 72 нафар шахс томонидан содир этилган бўлиб, шундан 62 нафари, яъни 86 фоизини аёллар ташкил қилади.