Ота дарсни АЛЛОҲга ҳамду сано, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам салавоту салом айтишдан бошлади. Сўнгра аҳли-оилага тинчлик тилаб, Қуръони Кариймдан, зикрлардан, дуолардан ва набавий ҳадийслардан ёд олинганларини текширди.
Фотима: отажон, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан сўзлаб беринг.
Ота: Яхши қизим, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик қандай келгани ҳақида сўзлаб бераман:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлганларида АЛЛОҲ у кишига ҳилватни, ёлғиз қолишни яхши кўрсатиб қўйди. Егулик олиб, Макка ёнидаги тоғга кетардирлар. Ўша тоғда “Хиро” номли ғор бўлиб, ҳар йили Рамазон ойида у ерга ибодат учун борар эдилар. Бир куни Хиро ғорида тафаккур қилиб ўтирганларида ўзларига нидо қилаётган овозни эшитдилар. У “Жаброил” исмли фаришта бўлиб “Иқро” (Ўқи) деб нидо қилаётган эди. Шунда У киши: “Мен ўқувчи эмасман” дедилар. Яъни ўқишни билмайман деганлари. Фаришта у кишини ушлаб, сиқиб олди, қаттиқ сиқиб туриб яна “Ўқи” деди. Пайғамбаримиз мен ўқувчи эмасман, дедилар. Фаришта иккинчи марта ушлаб сиқди ва “Ўқи” деди. У киши “Мен ўқувчи эмасман” дедилар. Учинчи марта ушлаб, сиқиб олди ва: “Иқро бисми роббикаллазий холақ (Ўқи, яратган роббинг номи ила) 2) Холақол инсана мин ъалақ (у инсонни “ъалақ”дан яратди) 3) Иқроъ ва роббукал Акром (Ўқи, роббинг карамлиларнинг карамлисидир) 4) Аллазий ъаллама бил қолам (у қалам билан илм бергандир) 5) Ъалламал инсана ма лам йаъдам (у инсонга билмаган нарсасини ўргатди)”.
Фотима: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда нима қилганлар отажон?
Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволнинг улуғворлигидан чўчиган, шошган ҳолда: “Мени ўраб қўйинглар”, “Мени ўраб қўйинглар” деб меҳрибон аёллари Хадийча онамизнинг олдиларига қайтганлар.
Холид: Хадийча онамиз нима қилганлар отажон?
Ота: Хадийча онамиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тинчлантириб, ёқимли ва гўзал сўз билан хотиржам қилдилар. Бу у кишининг ақллари тўғрилигига, комиллигига далолат қилади. АЛЛОҲ онамиздан рози бўлсин.
Фотима: демак Хадийча онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари эканларда?
Ота: Ҳа Фотима, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийча онамиз ҳаёт бўлган вақтларида ҳеч уйланмаганлар, у киши вафот топганидан сўнг уйланганлар.
Фотима: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёлларини билишни хоҳлардим.
Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг исмлари, уларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари тартиби ила қуйидагичадир:
1. Хадийча бинти Ҳувайлид
(Қосим, Абдуллоҳ, Зайнаб, Руқиййа, Умму Кулсум, Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимани Расулуллоҳга туғиб берганлар).
2. Савда бинти Замъа
3. Оиша бинти Абу Бакр
4. Ҳафса бинти Умар
5. Зайнаб бинти Жаҳш
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу аёлларининг ва Хадийча онамиздан бўлган фарзандларининг исмларини ёдлаб олинглар. Сўнгра Аллоҳ хоҳласа бошқа дарсда Расулуллоҳнинг аёлларининг исмларини охиригача ўрганамиз.
Холид: бу исмларни яхшилаб ёдлаб оламан. Мен Расулуллоҳга муҳаббат қиламан, аёллари ва фарзандларига муҳаббат қиламан ва дўстларимга улар ҳақида сўзлаб бераман.
Ота: Энди эса мана бу ҳадийси шарифни эшитинг, у гўзал ва нозикдир.
Зайд ибн Холид Розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Хўрозни жиркиманглар, албатта у намозга уйғотади”, деб айтдилар. Бу ҳадийси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўрозни сўкишдан қайтармоқдалар. Чунки хўроз улуғ ишни қилади ва яхшиликка ундайди. У асосан Бомдод намози вақтида қичқиради ва уйқудагиларни намозни жамоатда ўқишлари учун уйғотади.
Холид: Хўроз қичқирса биз нима деймиз, отажон?
Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўроз қичқирганда АЛЛОҲдан фазлини сўрашни ўргатганлар чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради:
اللهُمَّ إنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ
Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика
Маъноси: (АЛЛОҲим сендан фазлингни сўрайман)
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Бугунги дарсимиздан АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ўрганишимиз қолди. Муътий, (ато этувчи, ҳақиқий ато этувчи унинг ўзидир) Маннан, (берган неъматларини миннат қилувчи. Фақатгина АЛЛОҲ миннат қилишга лойиқ Зотдир) Ҳайй, (тирикдир, Унинг тириклигиниг боши ва охири йўқдир. Ҳаётлиги, тириклиги махлуқотларнинг тириклигига ўхшамас) Қоййуум, (ўз-ўзидан қоим бўлган Зот, бошқаларни қоим қилган Зот, ҳеч кимга суянмайди, ҳамма унга суянади) Саййид (хожа, ҳақиқий хўжайиндир У Зот).
Манба: islom.uz