Дарс Аллоҳнинг китобидан, ҳадийси шарифдан, зикру дуолардан ва АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ёдланганларини текшириш ила бошланди.
Сўнгра ота: Сизлардан муҳим бир савол сўрамоқчиман?
Холид ва Фотима: Сўранг отажон!
Ота: нима учун ҳар бир бола онасини яхши кўради?
Холид: Чунки она муҳаббатга ҳақлидир. У бизни ўз қорнида тўққиз ой кўтариб юрган, бизни дунёга келтирган, бизни деб кўп қийинчиликлар кўрган, бизни эмизган, касал бўлганимизда кечалари билан қараб чиққан. У бизга таълим берган, одоб берган, таомимизни, кийимимизни тайёрлаб берган инсондир. Уларнинг ҳаммаси учун онамизни яхши кўрмайликми?! Мен онамни жуда қаттиқ яхши кўраман.
Фотима: Мен ҳам уларни жуда яхши кўраман. Онамлар хурсанд бўлсам хурсанд бўлдилар, хафа бўлсам хафа бўлдилар, ўзларидан кўра кўпроқ мен учун қўрқадилар.
Ота: Тўғри фарзандларим, онангиз яхши кўришингиз, хурмат қилишингиз, итоат қилишингизга лойиқдир. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига келиб: Эй Расулуллоҳ! Инсонлардан ким менинг яхшилик қилишимга ҳақлироқ? Дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Онанг, дебдилар. У: кейин ким? дебди. У киши: Онанг, дебдилар. У яна: кейин ким? дебди. У киши: онанг, дебдилар. Шунда у: кейин ким? Деганида, Пайғамбаримиз: кейин отанг, дебдилар. Мусулмон киши онаси ва отасига яхшилик қилаверади, шунда улар ундан рози бўладилар. Мусулмон онаси ва отасига итоат қилса, уларга ишларида ёрдамлашса, уларни ранжитадиган иш қилмаса, уларга овозини кўтармаса, нарсаларини бузмаса ва уйдаги тартибни бузмаса ота ҳам она ҳам ундан рози бўладилар. Агар ота-она рози бўлса Аллоҳ ҳам рози бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Ота-она розилиги Роббнинг розилигидир”.
(Имом Термизий ривояти)
Сўнгра ота: Устоз ҳам ота-она ўрнида бўлиб, уларни ҳурмат қилиш, эҳтиром кўрсатиш, қулоқ солиб, итоат этиш лозимдир. Шунда фарзанд, одобли мусулмон бўлади.
Бугун тонгги ва кечки зикрлардан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розийаллоҳу анҳога васият қилган зикрларини ўрганамиз.
يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ بِكَ أَسْتَغِيثُ فَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ وَلاَ تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ
Я Ҳайю, Я Қоййуум, бика астағийс, фаъаслиҳ лий шаний куллаҳу ва лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн
Маъноси: (Эй тирик бўлган Зот, Эй Қоййум бўлган Зот, сендан ёрдам сўрайман. Ишини ҳаммасини ислоҳ эт ва мени кўз очиб юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма).
(Имом Ҳоким ривояти)
Холид: Бугунги дарснинг қиссасини айтиб беринг отажон.
Ота: Яхши ўғлим, бугун сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига сўзлаб берган воқеъани сўзлаб бераман. Бир киши саҳрога юриб борар эди. Кун жуда иссиқ бўлгани учун у қаттиқ чанқади. Олдида эса суви йўқ эди. Ҳамма жойдан сув қидира бошлади, лекин ҳеч қаердан сув топа олмади. Ва охири узоқдан қудуқни кўрди. Қудуққа тушиб сувдан ичди ва у ердан чиқаётганида бир итни чанқоқдан нам қумни ялаётганини кўрди ва “бу итга ҳам менга етган чанқоқ етибди” деди. Сўнгра маҳсисини ечиб, унга сув тўлдириб итга берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг шу иши сабабли Аллоҳ ундан рози бўлиб, олдин қилиб ўтган барча гуноҳларини кечирганини хабар берганлар.
Фотима: Бу қисса, буюк гўзал қисса экан отажон.
Ота: Бугунги дарсимизни Аллоҳнинг гўзал исмлари ила тугатамиз. Витр, (яккаю-ягона, шериги йўқ, тоқ бўлган Зот) Муқийт, (барчага ризқ рўзини берувчи, ундан бошқа ризқ берувчи йўқ) Роуф, (раҳмдил, шафқатли бўлган Зот) Малийк (Эга, хожа, барча нарсаларнинг, борлиқнинг Эгаси).
Манба: islom.uz