islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қанотларини кесманг!

Тарбия бўйича тажрибага эга олимлар айтишадики, агар сенда ёш фарзандлар бўла туриб уйинг доимо тартибли, чиройли ва тоза турса ҳамда ҳамма нарса тамоман ўз жойида турса, демак сен ёмон ота экансан. Чунки болалар бўлатуриб доимий тартибдаги уй маҳрумликка, қаттиққўлликка ёмон бошқарувга далолат қилади. Доимий тартибли уйда болаларнинг болаликлари ўғирланаяпти, хаёллари қамоққа тиқилаяпти, руҳлар оёқости қилинаяпти.
Мен уйда низом ва қонунлар бўлишига қарши эмасман. Яъни, қонун ва қоидалар ҳукмронлик қилмайдиган кичик жамиятлар ҳам ҳалокатга маҳкумдир! Аммо шуни унутмайликки, қонунлар бизнинг ҳаётимизни тартибга солиш учундир, уни ўғирлаш учун эмас.
Менинг қарши бўлган жойим шуки, кўпгина ота-оналар, айниқса оналар уй-рўзғор анжомларининг тартибига жуда ўч бўлишади. Аёлларнинг табиий инстинкти эркакларникига қараганда тартибга ўчроқ. Улар наздида уй жиҳозлари қурайшнинг эъзозланадиган, қурбонлик қилинадиган бутлари кабидир. Аслида бу жиҳозларни ишлатиш ва манфаат олиш учун сотиб оламиз, муқаддаслаштириш учун эмас. Биз бу тўғрида мўътадил бўлмоғимиз лозим.
Боланинг ўйинга бўлган эҳтиёжи худди шоирнинг қасидага бўлган эҳтиёжига, дарахтнинг сувга бўлган эҳтиёжига, ошиқнинг маъшуқасига бўлган эҳтиёжига ўхшайди. Ўйин бола учун шунчаки вақт ўтказиш эмас. У ўзни шакллантириш ва оламни кашф қилишдир.
Қизчамизга денгиз безгаги текканида ташхисдан илгари фақат иситманигина аниқлай олдик. Аммо мен қизчамни қўғирчоғини қучоғига олиб шундай деяётганини эшитдим:
“Азизим! Сен бемор бўлсанг қорнинг оғрийди, қайт қилгинг келади аммо қила олмайсан. Совуқдан титрайсан, сени қучоқларига олишларини истайсан!”.
У шундай деб қўғирчоғини қучоғига олди.
Фарзандларимиз курси, стол, гулли вазаларимиз, суратлар ва жойнамозларимиздан муҳимроқдир. Уйнинг кир бўлиши нимани билдиради? Рангли қаламларнинг сочилиб ётиши, варақларнинг тартибсиз ётиши нимани англатади?! Уларни маҳрум қилишнинг ўрнига улар билан шартнома тузайлик. Улар ўйнаб, ёзиб, чизиб бўлганларидан сўнг нарсаларни йиғиштириб жой-жойига қўйишсин. Орқаларини тозалашни ўрганишсин.
Сочилиб ётган қалам ва варақлар фарзандларимиз гўдаклик чоғини яшаётганини англатади.
Азиз онажонлар! Кир ювиш машинангизнинг борлиги сизнинг диктатор эмаслигингизга, аксинча фарзандларига эътиборли, уларни риоясини қиладиган ажойиб она эканлигингизга далолат қилади.
Болалар бўлмаган уй чиройли бўлсада қабристондан фарқи йўқ. Фарзанди йўқлар уйни ағдар-тўнтар қилиб юборсада фарзандлари бўлишини орзу қилишади. Фарзанди йўқ аёл ҳар соатда битта идиш синдирсада, кийимларини ҳар дақиқада кир қилсада боласи бўлишини орзу қилади.
Уларга қонунларни ўргатинг. Уларни тартибга ўргатинг. Аммо уларнинг қанотини кесманг, учаверишсин!

Адҳам Шарқовий.

Абдулқодир Полвонов

165500cookie-checkҚанотларини кесманг!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: