islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Савол: Инсонни тўғри йўлга бошлашда танқид самара берадими?

Жавоб: Танқид инсон юксалиши учун зарурий омил ҳисобланади. Танқидни қабул қила олмаслик – кишининг ўз юксалиши йўлига қўйган асосий тўсиқларидан биридир.

Танқид асосан иккига бўлинади:

Биринчиси – кишининг ўз-ўзини танқид қилиши. Буни уламолар сўзларида келадиган муҳосабаи нафс – ўзни сарҳисоб қилиш, деб ҳам аташ мумкин. Бу ҳақда улуғларимиздан жуда кўп нақллар, ҳатто шу ном билан китоблар ҳам келган. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу “(Қиёматда) Ҳисоб-китоб қилинмасинглардан бурун ўзларингни сарҳисоб қилинглар” деган саҳиҳ нақл бор. Киши ўз устида ишлаб, ўзини ҳар кун, ҳар соат аччиқ танқид қилиб борар экан, бундан асосий иккита фойда кўради:
Аввало, ўзининг хатоларини англаб, унинг устида ишлаб ўзини юксалтиради.
Иккинчидан, ўзгаларни беҳуда танқид қилишга, улар ҳақида беҳуда сўз айтишга вақти ҳам, хуши ҳам қолмайди.

Танқиднинг иккинчи қисми эса – ўзгаларни танқид қилиш бўлиб, бунинг ўзига яраша қоидалари бор, танқидчи асосан шу қоидаларга риоя қилмоғи афзал:

1 – Бировнинг фикрини эмас, шахсини танқид қилмоқчи бўлса, унинг ўзига, алоҳида сўзлаши лозим.
2 – Танқид вақтида инсоф ва адолатдан чиқиб кетмаслиги зарур.
3 –Биров фикридаги салбий нуқталарни айтишдан олдин ижобий нуқталар ҳақида сўзлаши мақсадга мувофиқ. Негаки, танқид қилинувчи киши сиздаги бу инсофни кўриб, сиз томондан бўлаётган танқидга ижобий назар билан қарайди, бу эса танқид фойда бериши учун асосий омил ҳисобланади.
4 – Гумонлар, тусмоллардан узоқ бўлиб, фақат сўзларида келган ташқи фикргагина муносабат билдириши зарур.
5 – Танқид вақтида, умуман бошқа вақтларда ҳам очиқ, лўнда фикрлар билан сўзлаш, мижғовлик қилишдан узоқда бўлиш, киши сўзининг бошқалар учун тушунарли ва мақбул бўлишини таъминлайди.
6 – Энг асосий нуқталардан бири – хитоб ва оҳангда энг яхши эшитиладиган сўзлардан танлаб гапирмоғи, киноя ва қочиримлардан танқид асносида узоқ бўлмоғи керак.

Танқид юқоридаги нуқталарга риоя қилинган ҳолда тақдим этилса, унинг самараси жуда катта бўлади, валлоҳу аълам.

165900cookie-checkСавол: Инсонни тўғри йўлга бошлашда танқид самара берадими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: