islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижтимоий тармоқларда масжидлар очилиб жамоат намозини бошлаш масаласи илгари сурилмоқда

Масалага Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати муносабат билдириб, жавоб берди.

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари томонидан масжидларда жамоат ибодатини бошлаш масаласи илгари сурилмоқда. Тўғри, бугун барчамиз жоме масжидларни тўлдириб, жамоат намозларини ўқишни, дуою илтижолар қилишни жуда ҳам соғиндик.

Бироқ ҳозирги коронавирус билан боғлиқ жуда ҳам кескин вазиятни ҳам зинҳор эсдан чиқармаслик зарур! Бутун дунёни ларзага солган коронавирус инфекцияси кенг авж олмоқда. Жамоат ибодатлари соғинчини тушуниш мумкин. Лекин бундай масалаларда эҳтирос билан эмас, балки илм билан ёндашган яхши, чунки инсон ҳаётини сақлаш шариатнинг энг асосий мақсадларига киради. Шунинг учун яна бироз сабр-қаноат қилайлик, вазият яхши томонга ўзгариши учун дуо-ю тазарруларда бардавом бўлайлик.

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарори билан фуқаролар саломатлиги ва ҳаётини асраш мақсадида, жамоат жойлари, хусусан, ошхоналар, кафелар, жамоат транспортлари фаолияти, жамоавий тадбирлар, тўйю томошалар вақтинча тўхтатилди. Шу жумладан, масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш ҳам тўхтади.

Маълумки, Ислом динимизда бундай ҳолатда ҳар бир киши иш бошилар ва шифокорлар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари зарур. Ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича мутахассислар қандай йўл-йўриқ беришса, уларга ҳеч қандай эътирозсиз амал қилишимиз лозим бўлади. Зеро, ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб марҳамат қилинади (“Нисо” сураси 59 оят).

Хабарингиз бор, дунё мамлакатларида коронавирус касаллиги тарқалиши турлича давом этмоқда. Ушбу касаллик юқиш эҳтимоли катта бўлгани боисидан жуда кўп мамлакатларда масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш тўхтатилди. Ҳатто ҳаж ва умра каби улуғ ибодатлар ҳам дунё мамлакатлари учун бекор қилинди.

Эпидемиологик мураккаб вазиятда карантиннинг кескинлашуви ҳақидаги қарорларни ҳам тўғри тушуниш керак бўлади. Вабо, ўлат шароитларига тааллуқли илм-фан кўрсатмаларининг аксари фиқҳий аҳкомларга тўла мосдир. Ислом динида юқумли касаллик тарқалиб, у ердаги киши сабр қилса ва бошқа жойга бориб касалликнинг ўзгаларга юқишига сабабчи бўлмаса, унга улуғ савоблар битилиши баён этилгани бежиз эмас, албатта.

Аллоҳ таоло бандаларини мудом қийинчиликка ташлаб қўймайди, балки тезда енгиллик беради: “Албатта, Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ, 7), деб марҳамат қилинади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келди. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (Имом Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. Шундай ҳолатларда сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (“Бақара” сураси, 155-оят).

Яна бир ояти каримада эса: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!”, деб баён қилинган.

Яна бир муҳим жиҳат. Ҳозирги масъулиятли онларда ҳеч биримиз зинҳор шайтон васвасасига учмасдан, шошқалоқликка берилмаслигимиз керак. Бундай оғир дамларни бирдамликҳамфикрлик билан енгишимиз лозим. Мана шундай синовли дамларда одамларни чалғитиш, уларнинг орасига фитна солиш ва норозилик кайфиятини урчитиш гуноҳ. Бир ҳадиси шарифда: “Фитна ухлаб ётган нарсадир, ким уни тўзитиб уйғотса, уни Аллоҳ лаънатласин”, деб таъкидланади.

Биз ишонамизки, халқимиз бу ўрнатилган тартиб-қоидаларни тўғри тушунади, турли фитналарга, ҳар-хил ножўя чақириқларга берилмайди. Бошга келган синовларни сабр-қаноат, чекловга итоат ила ёруғ кунларга умид билан енгиб ўтади, инша Аллоҳ.

Шундай экан, вазият барқарорлашгунга қадар бугунги вақтимизнинг қадрига етиб, Қуръон тиловати, илм-маърифат билан шуғулланиш, зикру тасбиҳлар каби эзгу ва савоб амаллар билан машғул бўлишимиз айни муддаодир.

Илоҳим, коронавирус аталмиш хасталик тезда даф бўлсин. Аллоҳ таоло беморларга шифо берсин. Юртимиз масжидлари яна жамоатлар ила қоим бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

169570cookie-checkИжтимоий тармоқларда масжидлар очилиб жамоат намозини бошлаш масаласи илгари сурилмоқда
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: