islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ишлар ўз аҳлидан бошқаларнинг қўлига ўтса…

❓Cавол: “Қачонки ишлар ўз аҳлидан бошқа кишилар қўлига ўтказилса, қиёматни кутаверинг”, деган ҳадисни шарҳлаб берсангиз?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Ҳадиснинг матни қуйидагича:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِذَا ضُيِّعَتِ الأَمَانَةُ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ قَالَ : كَيْفَ إِضَاعَتُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ ؟ قَالَ : إِذَا أُسْنِدَ الأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ (رواه الإمام البخاري)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон омонат зое бўлса, қиёматни кутавер”, дедилар. “Унинг зое бўлиши қандоқ, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. “Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер”, дедилар” (Имом Бухорий ривоят қилганлар).
Бу ҳадиси шарифдан омонат нафақат савдо-сотиқ ёки молиявий нарсаларда, балки, маънавий соҳада ҳам, жумладан раҳбарлик ишбошиликда ҳам бўлишини англаб оламиз.
Уламоларимиз ишнинг ўз аҳлидан бошқага топширилишини, дин ва дунё ишларида мазкур ишлардан хабарсиз, мутахассис бўлмаган кишиларнинг уларга бош бўлиши, деб изоҳлаганлар.
Омонат зое бўлса, барча иш чаппасига кетади. Ҳайдовчи омонатни зое қилса, йўловчиларнинг ҳаёти хавф остида қолади. Ўқитувчи омонатни зое қилса, келажак авлод илмсиз, жоҳил бўлади. Қурувчи омонатни зое қилса, бинолар қулаб, шаҳарлар вайрон бўлади. Шифокор омонатни зое қилса, беморлар ҳалок бўлади. Ота-она омонатни зое қилса, фарзандлар тарбияси бузилиб, ахлоқсиз болалар кўпаяди. Эр-хотин омонатни зое қилсалар, оилалар бузилади. Уламолар омонатни зое қилсалар, дин ҳукмларига тўлиқ амал қилиш йўқолади, мусулмонларнинг ҳуқуқлари топталади. Раҳбарлар омонатни зое қилсалар, халқ адолатсизлик ва зулмдан эзилади.
Хуллас, бир ишни номуносиб кишига топширилса, у ўзига берилган мансаб ва вазифанинг билимдони, лойиқ кишиси бўлмагани учун, табиийки, ўша ишда жуда кўп хатоларни содир этади, ишни тўғри йўналишда олиб бормай, омонатни зое қилади, бунинг ортидан эса кўнгилсизликлар юзага келади.
Бу ҳадиси шариф ҳозирги кунимизда ҳам амал қилиш жуда ҳам долзарб бўлиб турибди. Бир соҳа ходими ўз соҳасини ривожлантириш, камчиликларини тўғрилаш ўрнига бошқа соҳани, унинг ходимларини айбини қидириб юриш билан банд бўлади. Натижада ўз соҳаси касодга учрайди (Манба: “Ҳадис ва ҳаёт” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати

174100cookie-checkИшлар ўз аҳлидан бошқаларнинг қўлига ўтса…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: