❓Cавол: Бир қиз бола йигит билан (улар севишмаган бўлса) тўғри маънода дўстлашиши ёки бирга дарс тайёрлаши мумкинми?
💬 Жавоб: Шариатимизда номаҳрам эркак ва аёл хилватда ёлғиз қолишлари жоиз эмас. Уларнинг ёлғиз қолиши аксар ҳолатда катта гуноҳларга сабаб бўлгани учун бу ёмонлик эшиги Аллоҳ таоло ва Расул алайҳиссалом томонидан беркитилган. Бу ўринда улар яхши маънода дўстлашганми ё севишганми, дарс қиладиларми ё ишлайдиларми аҳамияти йўқ.
Қуръон ва суннатда зинодан нафақат қайтарилган, балки унга яқин йўламасликка даъват қилинган. Аллоҳ таоло зино ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:
وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا
яъни: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Зино – катта гуноҳ, унга олиб борувчи амаллар ҳам гуноҳ ҳисобланади. Номаҳрам эркак ва аёлнинг ёлғиз қолиши зинога ташланган биринчи қадамдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
” لا يخلون رجل بامرأة إلا كان ثالثهما الشيطان ” (رواه الامام الترمذي عن عمر رضي الله عنه)
яъни: “Ҳаргиз эркак киши бегона аёл билан ёлғиз қолмасин. Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади” (Имом Термизий ривоятлари) Шайтон у иккиси зинога қўл урмагунча тиниб-тинчимайди, васвасада давом этади.
Бошқа ҳадиси шарифда айтилади:
“لاَ تَلِجُوا عَلَى الْمغيبَاتِ. فَإِنّ الشّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ أحَدِكُمْ مَجْرَى الدّمِ”(رواه الامام الترمذي عنْ جَابِرٍ)
яъни: “Эри йўқ аёлларнинг ёнига кирманглар. Чунки шайтон (ҳар) бирингизнинг қон томирида юради…” (Имом Термизий ривоятлари).
Эътибор бериб қаралса, номаҳрам эркак ва аёллар ўртасидаги фаҳш ишлар, гуноҳ ва хиёнатлар ёлғиз қолишдан бошланади.
Умумий маънода динимизда мўмин-мусулмонлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро муҳаббат мақталади, тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло мўминларни Қуръони каримда “ихва” яъни, ака-укалар деб атаган. Ҳатто дунёда бир-бирини Аллоҳ йўлида яхши кўрган дўстлар Қиёмат куни соя йўқ пайтда Аршнинг соясида бўлишлари ҳадисларда таъкидланган. Бу ердаги дин қардошлиги эркагу аёлни ўз ичига олади. Аёллар мўминларга диндош опа-сингил ҳисобланадилар. Уларга динимиз белгилаб берган чегарада муомала қилишимиз айни муддаодир.
Энди номаҳрам эркак ва аёл яқин дўст бўлишларига келсак, бунинг энг маъқул ечими никоҳдир. Никоҳдан кейин уларнинг ўзаро дўстликлари, муҳаббатлари ибодатга айланади, улуғ савоб бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг ислом умматига берган имтиёзи ва ундан фойдаланиш керак.
Лекин никоҳсиз бундай дўстликнинг охири яхшиликка олиб келмайди, албатта. Чунки бундай “дўстлик” кўпинча зинога олиб келади, натижада никоҳсиз фарзандлар дунёга келади. Бундай фарзандлар аксар ҳолларда туғилмасдан “ўлдирилади” ёки чекка жойларга, ахлатхоналарга ташлаб кетилади. Гуноҳ устига гуноҳ, разолат устига разолат бўлади.
Бошқа томондан, қайси бир эркак, синглиси ёки хотинини яқин эркак “дўсти” бўлишига, улар хилватда ёлғиз қолишига рози бўлади?! Қайси эркакни синглиси ё хотини “самимий дўсти” билан ёлғиз қолгани, уларнинг “қалби тоза” экани тинчлантира олади!? Бундай “дўстлик” оқибатида қанча қанча қизлар ҳали турмуш қурмасдан бир умрга бадном бўлаётгани, туппа-тузук оилалар бузилиб кетаётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Бу мавзуда тўғри ечим шуки, ҳавои-нафсимизни қўйиб, ҳақ йўлга эргашиш лозим, зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
قُلْنَا اهْبِطُوا مِنْهَا جَمِيعًا فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُمْ مِنِّي هُدًى فَمَنْ تَبِعَ هُدَايَ فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
яъни: “…Бас, сизларга Мендан ҳидоят келганда, ҳидоятимга эргашганларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар” (Бақара сураси, 38-оят).
Юқоридаги маълумотлардан шариатда эркак-аёл умуман гаплашиши мумкин эмас, деган хулоса чиқмайди. Динимизда номаҳрам эркак ва аёллар ўртасидаги муносабатлар: ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо, ижара, қарз олди-бердиси, таълим бериш, даволаниш ва шу каби ишларда, зарурат миқдорича гаплашишга рухсат берилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати
Juda tõğri buni kõpchiligimiz bilishimiz lozim.turli xil bahonalarni qilgandan foyda yõq.