❓Cавол: Тумор ишлатиш жоизми? Динимизда бу ҳақда нима дейилган?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Тумор тақиш борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари оятлар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёки ҳадисда келган дуолар ёзилган туморларни тақишни жоиз санаганлар. Бунда шу тумор мени асрайди, деб эмас, балки унда ёзилган муқаддас сўзлар туфайли Аллоҳ асрайди, деб ишониши тўғри бўлади.
وَلَا بَأْسَ بِتَعْلِيقِ التَّعْوِيذِ وَلَكِنْ يَنْزِعُهُ عِنْدَ الْخَلَاءِ وَالْقُرْبَانِ
(Қуръон оятлари ёзилган ) туморларни тақишнинг зарари йўқ. Лекин бу туморни ҳожатхонага кирганда ва эр хотин яқинлик қилганда ечиб қўйилади. (“Фатовои Ҳиндия” китоби).
Бундай тумор билан ҳожатхона каби нопок жойларга кирмаслик, уни ножоиз жойларда қолдирмаслик лозим.
Аммо мазкур нарсалардан бошқа нарса ёзилган туморларни тақиб юриш жоиз эмас.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзилар кўзмунчоқ, ҳайвонларнинг суяклари ва тишлари ва ҳар турли иплардан тайёрланган туморларни тақиб, “Шу нарса мени бало қазолардан ва кўз тегишидан сақлайди” деб эътиқод қиладилар. Бундай мақсадда уларни тутиш ё ишлатиш билан кишини имонига путур етиши мумкин. Чунки бу ишларни қилувчи “Аллоҳ таолодан ташқари яна фалон нарсаларда ҳам паноҳ бериш қуввати бор” деган ақидани қилган бўлади, ваҳолангки асраш, паноҳ бериш, қутқаришни ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширади. Аллоҳдан бошқа нарса ҳам асрайди деган эътиқодни қилиш ширк ҳисобланади. Аллоҳ таоло ширкни нечоғлик оғир гуноҳ эканин баён қилиб шундай марҳамат қилган.
إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди”. (Нисо сураси, 48-оят).
Хулоса шуки, агарчи Қуръон оятлари ёки маъсур дуолар ёзиб тикилган туморларни ўзи билан олиб юриши жоиз, деган фатволари бўлсада, ҳозирги кунимизда одамларнинг ширк ва жоиз амаллар чегарасини билмаётганларини инобатга олиб, тумор тақишга тарғиб қилмаслик мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати