islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хотинимни талоқ қилмасам онам мени оқ қилмоқчилар

❓CАВОЛ: Онам билан аёлимнинг муносабатлари яхши эмас. Онам менга “Хотининг билан ажрашмасанг, сени оқ қиламан” деяптилар. Онамнинг бу талабини қондирмасам, унга оқ бўламанми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Муҳаммад ибн Муфлиҳ Мақдисий “Ал-одобуш-шаръийя” номли китобларида шундай дейдилар: “Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, уни бажармайди”.
Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳга: «Бир одамнинг онаси: «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилган экан. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Хотинини талоқ қилиш онага нисбатан яхшилик ишлардан эмас”, деганлар. Яъни, бирор кишининг онаси “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Бу масалада онага итоат этилмайди. Чунки шариатда ота-онага фақат маъруф — яхши амалларда итоат этилади. Уни бажармаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.
«Бир киши имом Аҳмаддан: «Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда. Нима қилсам бўлади?» – деб сўради. «Уни талоқ қилма!» – дедилар. «Умар разияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишга буюрган эдилар-ку?» – деди у. Шунда «Отанг Умар разияллоҳу анҳудек бўлганда, сен ҳам қиласан», – дедилар Аҳмад ибн Ҳанбал. Яъни, «Отанг Ҳазрати Умарга ўхшаб, ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилма», дейилмоқда (“Мавсуъа Фиқҳийя”. 8-жуз, 71–72-бетлар)
Худди шу маънодаги гап қизини мажбурлаб, ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

181720cookie-checkХотинимни талоқ қилмасам онам мени оқ қилмоқчилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: