islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муфтий ҳазрат халқаро онлайн анжуманда иштирок этдилар

Шу йил 10 декабрь куни Халқаро мусулмонлар форуми котибияти ва Россия мусулмонлари идораси ташаббуси билан Zoom платформаси орқали “Мулоқот маданияти: пандемия давридаги диний одоб-ахлоқ” мавзусидаги XVI халқаро мусулмонлар анжумани бўлиб ўтди.

Унда халқаро диний ташкилотлар вакиллари, Европа, Марказий Осиё МДҲдаги давлатларнинг диний идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Форум Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди.

Дастлаб Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин сўзга чиқиб, коронавирус пандемияси даврида мўмин-мусулмонларнинг одоб-аҳлоқи, юзага келган руҳий ва иқтисодий қийинчиликларга бўлган сабр-бардошлари таҳсинга лойиқ экани тўғрисида нутқ сўзлади.

Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Аллом эса анжуманда мана шундай мураккаб шароитда мусулмон уламолари ҳамкорликлари мустаҳкамланганлиги, мусулмон умматини ташвишга солаётган муаммоларни бирга ечишга ҳаракат қилингани, хусусан вабо каби касалликларга қарши биргаликда курашилгани тўғрисида сўз юритди.

Онлайн халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пандемия даврида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва унинг натижалари ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини сақлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилгани, МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан юртимизга тўғри келгани, шунингдек пандемия даврида Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилингани ҳамда ушбу синовли кунларда яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ишлари олиб борилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

Муфтий ҳазратлари мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг мана шундай ҳамжиҳатликда ишлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани, диний идоралар ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, онлайн анжуманда Ҳамид Шаҳриёрий – Исломий ташкилотларнинг бирлаштириш халқаро ташкилоти раҳбари; Доктор Холид Эрен – Халқаро ИРСИКА ташкилоти раҳбари; Муҳаммад Хофиз – Париж марказий масжиди имом-хатиби; Науризбай Таганули – Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий; Доктор Аҳмад ал-Дубаян – Лондондаги ислом маркази раҳбари; Саидмукаррам Абдуқодирзода – Тожикистон Уламолар кенгаши раиси, муфтий; Мақсадбек Тохтамушев – Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий; Абдулвохид Ниязов – Европа мусулмонлари Форуми раҳбари; Рашад Алиярли – Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўринбосари; Мурат Гул – Берлин ислом бирлашмаси раҳбари; Азиз Хасанович – Хорватия ислом уюшмаси раҳбари, муфтий кабилар ҳам сўзга чиқдилар.

Мазкур сўзга чиққан нотиқлар томонидан пандемия давридаги диний одоб-ахлоқлар, бу борада халқоро ташкилотлар ва исломий идораларнинг мурожаат, баёнот, фатво ва тавсияларнинг таъсири ҳамда ҳамкорлик алоқалари натижалари тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, исломий ташкилотларнинг келгусидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

201040cookie-checkМуфтий ҳазрат халқаро онлайн анжуманда иштирок этдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: