Саудия Арабистони ҳукумати Рамазон ойидаги таровеҳ намозлари Мадинадаги Пайғамбар ﷺ масжидида ўқилишини эълон қилди.
“Таровеҳ намози муқаддас Рамазон ойида Пайғамбаримиз масжидида фарз намозлари билан бирга ўқилади”, деди Икки муқаддас масжид бошқармаси раҳбари шайх доктор Абдулраҳмон Судаис.
Карантин сабабли масжид бир вақтнинг ўзида 60 мингдан зиёд намозхонни қабул қила олади, дея қўшимча қилди Судаис.
Масжиди Набавийга ташриф буюрувчиларнинг кўплиги сабабли расмийлар намозхонларнинг соғлиғини сақлаш учун махсус чораларни қўллайди. Хонақоҳларда, Равзада, томларда ва қурилиш майдонларида ижтимоий масофа қоидаларига мувофиқ намоз ўқилади.
Саудия Арабистони расмийларининг хабар беришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиди таровеҳ намозидан ярим соат ўтгач ёпилади ва бомдод намозидан икки соат олдин эшикларини очади.
Дастлабки маълумотларга кўра, масжид Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида туну кун ишлайди.