Савол: Рамазон ойи қачон киради ва рўза қайси вақтдан тутиладаи?
Жавоб: Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “У(ой)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар сизлардан булутлар тўсилиб қолса, Шаъбонни ўттиз кун мукаммал қилинглар”[1].
Инсонлар шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи кунидан ойни кузата бошлашлари керак. Кўрсалар рўза тутадилар, осмон булутли бўлиб ойни кўра олмасалар шаъбонни ўттиз кун ҳисоблаб кейинги кундан рўза тутадилар.
Савол: Осмонда булут бўлиб бир киши шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни ойни кўрганини айтса унинг сўзи қабул қилинадими?
Жавоб: Булутли кунда рамазон ойини кўргани ҳақида адолатли бир мусулмоннинг сўзи қабул қилинади. Унинг эркак ёки аёл, озод ёки қул инсон бўлиши эътиборли эмас.
Савол: Осмонда булут бўлмаса ва бир ёки икки киши йигирма тўққизинчи куни ойни кўрганини айтса гувоҳлиги қабул қилинадими?
Жавоб: Бундай ҳолатда уларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Балки уларнинг айтган сўзлари билан шубҳасиз билимни ифода қиладиган кўп инсонлар бўлиши керак.
Савол: Рамазон ойини кириши борасида масала тушунарли. Ийд куни кириши учун ойни кўриш масаласи қандай бўлади?
Жавоб: Осмонда булут бўлса имом ва қози оғиз очишлик учун икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл бўлганда гувоҳлигини қабул қилади. Осмонда булут бўлмаганда уларнинг айтган сўзлари билан шубҳасиз билим ифода қиладиган кўп инсонлар бўлиши керак.
Савол: Бир киши рамазон ойи ёки ийд (фитр) ойини кўрди, лекин имом унинг гувоҳлигини қабул қилмаса нима қилади?
Жавоб: Рамазон ойини кўрса ўзи рўза тутади, ийд ойини кўрса ўзи кўрганига амал қилмасдан инсонлар билан қўшилиб рўза тутади.
[1] Бухорий ва Муслим ривояти.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек
“Тасҳилуз зарурий” китобидан таржима қилинди.