islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Набавий ҳазил

Гўзал ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга, бизларни уммат қилган Ҳақ субҳанаҳу ва таолога ўзининг буюклиги миқдорича ҳамду, санолар бўлсин. Икки дунё саодатини топадиган йўлни бизларга кўрсатиб берган Хотам-ул Анбиё саллоллоҳу алайҳи ва салламга олинган нафаслар миқдорича дуруду саловатлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида кўп ўрнак бордир». (“Аҳзоб” сураси, 21-оят)

Ҳа, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун инсоният учун, хусусан, мўмин-мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Ва албатта, сиз улкан хулқ узрадирсиз». (“Қалам” сураси, 4-оят)

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз учун ҳар ишда ўрнак эканлар, хўш, у зотнинг кулгу ва ҳазиллари қандай эди? Бутун башарият учун сўнги рисолатни тўлиқ етказишдек масъулиятни елкасида кўтариб турган Зот ҳазил учун вақт топдиларми? Келинг, бу саволнинг жавобини саҳобалардан оламиз.

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Мен жаноби расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам )дан зиёда табассум қиладиган бир зотни кўрмадим». Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) яна айтадилар: «Жаноб расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кулишлари фақат табассумдан иборат эди».

Қаранг! Бизнинг ҳолимиз қанчалар суннатдан йироқ…! Аввалги ва охирги гуноҳлари кечирилга, оламларга раҳмат қилиб юборилган Ҳабибимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай кулганлар. Биз эса, худдики жаннатдан жойимизни аниқ қилиб қўйгандек, қаҳ-қаҳа отиб кулиб юрибмиз.

Ҳазрати Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар : “Бир киши жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам )нинг ҳузурларига келиб: «Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) Мени туяга мингдиринг», – деди. У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) мен сени урғочи туянинг боласига миндирмоқчиман”, – дедилар. У киши: “Мен урғочи туянинг боласини нима қиламан?”, – деди. Жаноб дедилар : “Бу ҳамма туяларни урғочи туя туғмай нима туғади?”, – дедилар .

Ҳазрати Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Саҳроликлардан бир одам бор эди, номи Зоҳир эди. Саҳродан Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) учун хизматларига ҳадя келтирарди. Сўнг ўз аҳлига қайтмоқчи бўлса, Жаноби Саййидил Олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) унга керакли нарсаларни ҳозир қилиб берар эдилар. Бир кун: «Зоҳир бизнинг саҳролигимиздир, биз эса унинг шаҳарликларидирмиз», – дедилар. Жаноб уни яхши кўрар эдилар. У одам шакли хунук, қилиғи маҳбуб эди . Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг олдига келдилар. У киши бозорда ўз молини халққа сотиб турган эди. Жаноб Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) орқа тарафдан келиб уни қучоқладилар .У киши бу зотни кўрмай: «Бу кимдир? Мени қўйиб юбор», дер эди. Кейин бурилиб қараб, жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам )ни таниб қолди. Кейин нима қилсалар туриб берди. У орқасини Жанобнинг муборак кўксиларига ёпиштира берди. Кейин Жаноб (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким бу қулни мендан сотиб олади?», деб овоз қилавердилар. У киши: «Ё, Расулуллоҳ бу молингиз ўтмас мол экан, энди биладилар. Буни ҳеч ким олмайди», – деди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Лекин бу мол халқга ўтмаса ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ўтади», – дедилар. Ёки «Сен Аллоҳнинг наздида қимматлисан», – дедилар.

Қаранг азизлар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазиллари қанчалар юмшоқ, мулойим ва ёқимли эди. Ҳозирда зикри ўтган саҳобалар қандай ҳам бахтиёр зотлар эдилар.

Имом Ҳасан Басрий роҳматуллоҳу алайҳи айтдилар: «Бир қари хотин жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам )нинг ҳузурларига келиб: Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)…! Аллоҳга дуо қилинг, токи мени жаннатга киритсин», – деди. Жаноб (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб: «Ей, фалоннинг онаси! Жаннатга кампир кирмайди», – дедилар. Бу сўзни эшитган замон у кампир йиғлаб қайтиб кетди. Жаноб (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Сизлар унга хабар берингларки, жаннатга у кампир ҳолида кирмайди». Чунки Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда марҳамат қиладики: «Дарҳақиқат, биз Жаннат аёлларини бошқаттан янги шаклда яратурмиз. Ва уларнинг ҳаммалари ёшлари баробар бўлур». (“Воқеа” сураси, 35-, 36-оятлар)

У зотни кулгу ҳазиллари ҳам биз учун ўрнакдир. Ўзимизга назар солсак, бизнинг ҳазилларимиз кўпинча уч кўринишдан ҳоли бўлмайди.
• Кимнидир ғийбат ва мазах қиламиз.
• Фаҳш сўзлар билан ҳазил қиламиз.
• Ёлғон гап билан ҳазил қиламиз.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазиллари ҳақ сўздан бошқаси билан эмасди.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Саҳобалар: «Ё, Расулуллоҳ! Жаноблари бизлар билан ҳазил қилишадилар?» – дедилар. Жаноб Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Ҳа, мен ҳазил қиламан, лекин ҳақдан бошқа бир сўзни айтмайман», дедилар.

У Зотдан ўрнак олиб, ўзимизни ислоҳ қилишни Аллоҳ ҳаммамизга насиб этсин.Омийн!

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси

4-курс талабаси Нурмаматов Шермуҳаммад

226370cookie-checkНабавий ҳазил

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: