🔸 Истихора фарзми?
Истихора намози Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган суннатдир. Бу суннатни жонлантириш улкан савоб ва ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
🔸 Истихора қачон қилинади?
Истихора намози ҳаётдаги катта ёки кичик ишлар бўлсин, уларда қарорларни қабул қилишдан олдин, шубҳа, иккиланиш ва танлов арафасида ўқилади. Масалан, турмуш қуришдан олдин, ишга жойлашиш, фойдали харид қилиш ва ҳ.к. Баъзи уламолар булардан ташқари, ҳаётларидаги ҳар қандай кичик ишлар олдидан ҳам истихора ўқиганлар.
🔸 Нима учун истихора қилинади?
Истихора намози Аллоҳдан тўғри йўл, ҳидоят сўраб, қатъий қарор қабул қилиш ниятида ўқилади, шунда У зот режалаштирилган нарсага барака беради, уни осонлаштиради ёки яхшилик келтирмаса ўша ишни ўз-ўзидан бандадан йироқ қилади.
🔸 Истихора намози қандай ўқилади?
Истихора намози ҳар қандай суннат намозининг икки ракъати каби ўқилади. Фотиҳа сурасидан кейин биринчи ракатда «Қул йа аййуҳал кафирун»ни, иккинчи ракъатда эса «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиш афзал. Ўзига хос хусусияти шундаки, фақат истихорадан сўнг, Аллоҳга илтижо билан, ўйлаганидан яхшироқ натижага эришишни сўраб банда махсус дуо ўқийди.
Дуо:
اللهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ العَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلاَ أعْلَمُ، وَأنْتَ عَلاَّمُ الغُيُوبِ؛ اللهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أمْرِي، أوْ قَالَ : عَاجِلِ أمْرِي وَآجِلِهِ، فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أمْرِي، أوْ قَالَ: عَاجِلِ أمْرِي وَآجِلِهِ، فَاصْرِفْهُ عَنِّي، [وَاصْرِفْنِي عَنْهُ]، وَاقْدُرْ لِي الخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ رَضِّنِي بِهِ.
Маъноси: Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Эй Раббим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга баракотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, (ундан мени узоқлаштир) қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт (Имом Бухорий ривояти).
🔸 Истихора намозининг аломатларини қандай билиш мумкин?
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Анас, агар бирор ишни қасд қилсанг, Раббингга етти марта истихора қил, сўнгра қалбингга яқинига қара, яхшилик ана шундадир», дедилар» (Ибн Сунний ғариб санад билан ривоят қилган).
Агар бирон бир савол ёки танлов сизни ташвишга солса, шубҳага тушиб иккилансангиз, Роббингизга ибодат қилиб, истихора қилинг, сўнгра қалбингизда биринчи қандай туйғу пайдо бўлганига қаранг. Агар бу дуодан кейин қалб истихорага сабаб бўлган ишни қилишга мойил бўлса, уни қилиш яхшироқ бўлади. Агар юрак мойил бўлмаса, бу иш кечиктирилади.
🔸 Истихора намозидан кейин тушда белги бўлиши керак, тўғрими?
Истихора намозини ўқиганидан сўнг, банда қандайдир белги бўладиган туш кўриши керак деган фикр кенг тарқалган, аммо саҳиҳ ҳадислар бунга ишора қилмайди. Тушда белги бўлиши мумкин, лекин бу асосий қоида эмас.
🔸Истихора қилинганидан кейин ҳам зиён кўриш мумкинми?
Бирор киши истихора қилиб қалби таскин топганидан кейин ўша ишни қилиб зоҳирида зарар кўрса ҳам қилган истихораси тўғрисида нотўғри гумонга бормасин. Билмайдики, Аллоҳ яқин орада унинг ишларини ўнглаб, улкан фойдалар беради ёки охиратда истихорасининг яхшилигини кўрсатади.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев