islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аёл киши ўликларга кийимсиз кўринадими?

Савол: Қабристонга аёл кишининг бориши мумкинми? Баъзилар “аёл киши ўликларга кийимсиз кўринади” деб ҳам айтишади. Бу гапларда қанчалик жон бор?

💬 Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аёллар вафот этганларга кийимсиз кўринади, деган гап йўқ. Кўпчилик уламоларимиз зиёрат қилиш одобларини бузмаслик шарти билан аёллар қабрларни зиёрат қилиши жоиз дейишган. Уларнинг далили қуйидагича: Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: “Қабрларни зиёрат қилишда нима дейин, ё Расулуллоҳ?” У Зот: “Бундай дегин: “Бу ерда қўним топган мўминларга салом бўлсин! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга етишамиз. Сизларга ҳам, бизларга ҳам Аллоҳ таолодан афву мағфират тилайман!”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадис аёллар қабристон зиёратига боришлари жоизлигига далолат қилади.

Шунингдек, Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо ҳар жума куни амакиси ҳазрат Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қабри зиёратига борар, у ерда амакиси учун дуолар қилардилар (Имом Ҳоким ривояти).

Аёллар ҳам эркаклар каби ўгит ва ибрат олишга муҳтождир. Шунинг учун динимизнинг қабрларни зиёрат қилишга берган рухсати аёлларга ҳам тегишли. Албатта, аёл киши қабристонга борганида зиёрат қилиш одобларига амал қилиши, шунингдек, йиғлаб, бақир-чақир қилиш, қабрлар атрофини тавоф қилиш, уларга сажда қилиш каби шариатимиз ман қилган ва Ислом ахлоқига терс ишлардан сақланиши керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати

247850cookie-checkАёл киши ўликларга кийимсиз кўринадими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: