islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Саҳиҳул Бухорий”ни хатм қилган Олий маъҳад ёш устозларига ижоза шаҳодатномалари топширилди

Тарихдан маълумки, қадимги Мовароуннаҳр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шошда Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган.

Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм карда мулло” деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” бўйича махсус тадбир ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида китобларни ўқиб тугатган талабалар қози ва муфтий каби катта устозлар олдида имтиҳон қилиниб, ғолиблар ва дарс берган устозлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, уларнинг ҳаққига дуои хайрлар қилинган.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимизда ана шундай азалий қадриятлар тикланмоқда, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиш асосий вазифа қилиб белгиланмоқда.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ёш авлодни буюк аждодларга муносиб ворис этиб тарбиялашни илк очилган кунидан ўзининг бош мақсади қилиб белгилаган ва ҳамиша бу йўлда бор куч-ғайратини, илму  иқтидорини сафарбар этиб келмоқда. Шу мақсад йўлида бир неча йиллардан буён буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул-Муъин Насафий, Абул-Баракот Насафий ва Имом Таҳовий каби алломаларнинг китобларини тўлиқ ўқиб, қадимги Бухоро ва Самарқанд илмий мактабларининг муборак анъанаси бўлган “Хатмул-кутуб” услубини жонлантириш йўлга қўйилган.

Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ёш ўқитувчилари Раҳматуллоҳ домла Махсумхонов, Халилуллоҳ домла Юсупов, Неъматуллоҳ домла Раҳимов, Юсуфхон домла Абдурахимов, Сардорхўжа домла Расулхўжаев ва Икромжон домла Жўрабоев ижоза соҳиби Фахриддин домла Маманосиров ҳузурида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини тўлиқ ўқиб хатм қилдилар. Шу муносабат билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиларидан иборат жамоа Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “қўним топган” Самарқанддаги ёдгорлик мажмуа ёнида жойлашган Ҳадис илми мактабига илмий сафар қилдилар.

Ҳадис илми мактабида “Саҳиҳул Бухорий” хатми ва ижоза бериш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ҳадис илми мактаби устозлари, Ал-Азҳар шайхлари шайх Жамолиддин Ҳошим, профессор Махмуд Абдуллоҳ, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Жасур домла Акрамов, ўқитувчи Маҳмуд домла Абдураҳмонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ходими Муҳаммадяҳё домла Ходжаев, ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси кафедра мудири Баҳодир домла Аъзамов, катта ўқитувчи Фахриддин домла Маманосиров ва бошқа ўқитувчилар иштирок этди.

Маросимни Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси шайх Жамолиддин Ҳошим кириш сўзи билан очиб бериб, ислом илмларини ўрганишда ва уни теран фаҳмлашда “устоз-шогирд” аъанаси, санад ва ижоза масаласи нежоғлик муҳим эканлиги тўғрисида маълумот берди.

Шундан сўнг, Раҳматуллоҳ домла Махсумхонов “Саҳиҳул Бухорий” асаридаги сўнги ҳадисларни устозлар гувоҳлигида ўқиб бериб, китобни хатм қилди.

Ижоза соҳиби Фахриддин домла Маманосиров имзоси билан Раҳматуллоҳ домла Махсумхонов, Халилуллоҳ домла Юсупов, Неъматуллоҳ домла Раҳимов, Юсуфхон домла Абдурахимов, Сардорхўжа домла Расулхўжаев ва Икромжон домла Жўрабоевга “Саҳиҳул Бухорий” асари бўйича “ижоза ва устозлик ҳуқуқи”ни берувчи ижоза шаҳодатномалари берилди.

Фахриддин домла шогирдларига ижоза шаҳодатномаларини шайх Жамолиддин Ҳошим топширди:

Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабининг ёш ва илмга чанқоқ ўқитувчиларининг ғайратидан илҳомланиб, уч юзга яқин машҳур устозлари орқали санади Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борувчи, ҳадис, фиқҳ ва бир қанча шаръий илмлар бўйича ижозани Шайх Жамолиддин Ҳошим ўз имзоси билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманосиров, “Саҳиҳул  Бухорий” асарини хатм қилган устозлар ва Ҳадис илми мактаби ўқитувчиларига топширди.

Шу билан бирга, юртимиз ёш уламоларининг илми ва файзидан насибадор бўлиш мақсадида Шайх Жамолиддин Ҳошим Фахриддин домла Маманосировдан “Саҳиҳул  Бухорий” асари бўйича ижоза беришини табаррукан устозлик мақоми юзасидан сўради. Фахриддин домла Маманосиров Шайх Жамолиддин Ҳошим ва профессор Махмуд Абдуллоҳга “Саҳиҳул  Бухорий” асари бўйича ижоза шаҳодатномасини топширди.

Аввал хабар берганимиздек, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактаби ўртасида ўқув, илмий-тадқиқот ва ташкилий масалалар юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Меморандумга кўра, таълим муассасалари ўқитувчилари тегишли мавзуларда илғор ўқитиш методлари орқали талабаларга очиқ дарс ва мастер-класс шаклида дарс ўтиб беришлари кўзда тутилган.

Шу муносабат билан, ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Раҳматуллоҳ домла Махсимхонов Ҳадис илми мактаби талабалари учун “Фарз намозларидан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозлари” мавзусида очиқ дарс ўтди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

ўқитувчиси Юсуф Абдурахимов

267760cookie-check“Саҳиҳул Бухорий”ни хатм қилган Олий маъҳад ёш устозларига ижоза шаҳодатномалари топширилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: