islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қахва тарихи

Ҳар куни дунё бўйлаб 1.6 миллиард финжон қаҳва истеьмол қилинади. Бу Олимпия ўйинларида ташкил этиладиган ҳовузларнинг 300 (уч юз)таси ҳажмига тенг деганидир. Қаҳва жаҳон саноатида истеьмол сифатида нефтдан кейинги ўринда туради. Шу ўринда қаҳванинг пайдо бўлиш тарихига назар соламиз:

Бундан 1200 йил олдин Шимолий Африкалик деҳқонлар бепаён ерларда тиним билмай меҳнат қилишарди. Уларнинг орасида Холид исмли йигит бўлиб, унинг бир гала эчкиси бор эди. Кунларнинг бирида Холид эчкиларини боқаётган ерда ғалати ҳолатга гувоҳ бўлди: эчкилар ҳар гал ўша ернинг ўсимлиги донидан ейишганда олдингидан кўра тетик ва чаққон бўлиб қолишарди. Холид бу ўсимлик дони кейинчалик ҳаёт таъмини ўзгартириб юборишини, одамлар уни сув билан қайнатиб, қаҳва тайёрлашларини билмас эди.

Яманда истиқомат қиладиган Сўфийлар қаҳвани кўп истеьмол қилишарди. Чунки, қаҳва ёрдамида улар кечанинг охирига қадар зикрда қоим бўлишар эди. Сўнгра Ислом оламида қаҳва савдогарлар ва ҳожилар ёрдамида тарқала бошлади. Натижада, XV аср охирларида Маккадан Туркияга, XVI асрда эса Қоҳирага тарқалди. Ҳатто миллий ичимликга айланди.

Қаҳва Шимолий Африка, Миср ва Истанбулдан тижорат йўли билан Европага етиб келгач,  милодий 1645 йили Венеция(Venice)да биринчи қаҳвахона пайдо бўлди. 1650 йили Туркиялик савдогар Паску Рўзий(Pacque Rosee) қаҳвани Ангилияга олиб кирди. Лондондаги Ломбард кўчаси(Lombard Street)да жойлашган Жорж майдони(George Yard)да қахвахона очиб уни сота бошлади. Бундан 8 йил ўтиб, Корнҳил(Cornhill)да “Sultaness Head” номли қаҳваҳона очилди. XVII аср охирларида Лондонда яна бир машҳур қаҳвахона очилди. Унинг номи “Lloyds Coffee House” бўлиб савдогарлар ва кема аҳолиси учрашадиган жой эди. Кейинчалик у амалдорлар сиёсат ишларини баҳс қиладиган жойга айланди. Тарихдаги либераллар ҳаракати айнан мана шу жойдан бошланган.

1700 йилга келиб Англияда 3500 га яқин қаҳвахона бўлиб, унинг 500 таси Лондонда жойлашган эди.

Европада қаҳва тайёрлаш усули мусулмонлар тайёрлаган услубга кўра амалга оширилган. Яъни, бунинг учун янчилган қаҳва дони, шакар ва сув керак бўлган. 1683 йилда қаҳва тайёрлаш ва ичишнинг янгича йўли ўйлаб топилди ва қаҳвахоналарда машҳур бўлди.

Қаҳва ҳақида машҳурлар сўзи

Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Ансорий ал-Жазийрий: “Қаҳва оддий инсоннинг олтини бўлиб, ичувчига улуғворлик ва олийжаноблик жалб этади”.

Инглиз ёзувчиси Жонатан Свифт(Jonathan Swift): “Қаҳва бизни ғайратчан, тиришқоқ ва файласуф қилади”.

Изоҳ: Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал- Ансорий ал-Жазийрий 1588 йилда қахва тарихи ҳақида биринчи бўлиб асар ёзган.

“Muslims heritage in our world”китобидан.
Инглиз тилидан
: Тошкент ислом институти битирувчиси

Халилуллоҳ Юсуф таржимаси 

26890cookie-checkҚахва тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: