islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сўз тинглаган ютади ёхуд валийлар ҳаётидан ибратлар

Валий зотларнинг ибратли ўгитлари кўп ҳолларда амалий шаклда бўлади. Масалан, буюк валий Баҳовуддин Бухорий ҳазратларининг шогирдларига ибрат қилиб кўрсатиб берган амаллари унинг шогирдлари томонидан манбаларда ёзиб қолдирилган. Қуйида Баҳовуддин Бухорийнинг шогирди Аловуддин Аттор ўз устози билан содир бўлган ибратли воқеаларни келтириб ўтади.

Бир куни устозимиз Баҳовуддин Бухорий ҳазратлари даргоҳларида ўтин камлигини кўриб, бизларга, кўпроқ ўтин тўпланглар, ҳатто бу ишга шошилинг, чунки улгура олмай қолишимиз мумкин. Бирдан қиш бошланиб қолса, ўтинсиз қоламиз, дея буюрдилар. Шунда биз талабалар, бош устига, деб, ўтин тўплашни бошладик. Ўтинларни шунчалар кўп тўпладикки, ҳатто бутун қишга етар эди. Кўп ўтмай қор ҳам ёғди. Лекин, қиш жуда иссиқ кечди. Устозимиз бу тадбирлари билан бизни ҳар қандай муҳим ишни эътибор билан қилиш лозимлигини ўргатган эди. Сабаби, ҳафсала билан қилинмаган ишнинг оқибати зиён ва заҳмат бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам устозимиз қишда афсус надоматлар ичра совуқда қолмаслик учун барчамизни унга тайёргарлик кўришни буюрди ва уларнинг гапларини диққат билан тинглаганмиз учун қиш қандай келишидан қатъий назар қилган ишимизнинг натижаси фойдали бўлди. Зеро, буюклар айтмиш: «Сўз тинглаган- ютади».

Ушбу валий зотнинг талабаларидан яна бири шундай ҳикоя қилади. Бир куни дўстларимиз билан ўтирган эдик. Аммо, орамиздаги бир инсон устозимизнинг буюк валий эканликларига ишонмас эди. Ортларидан жуда кўп ёмон гаплар айтар эди. Биз бунга тоқат қила олмас эдик. Бир куни, Аллоҳнинг дўстларига тил узатганлар омон қолмас, дедик. Лекин у огоҳлантиришимизга эътибор ҳам бермади. Ўз одатида давом этди. Шу пайт бир ари учиб келиб, унинг оғзига кириб қўнди. Тилини шундайин чақдики, натижада оғзини оча олмайдиган даражада шишиб кетди. Ҳеч қандай гап гапира олмай қолди. Бу ҳолидан пушаймон бўлди. Қалбидаги душманлик муҳаббатга айланди. Бироз олдин буюк валий ҳақида ёмон сўзлар айтаётган инсоннинг қалби энди буюк устознинг муҳаббати билан ёнадиган бўлди.

Манбалар асосида Тошкент Ислом институти битирувчиси

Сайдаҳмедова Барнохон тайёрлади

28450cookie-checkСўз тинглаган ютади ёхуд валийлар ҳаётидан ибратлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: