islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий маъҳад ректори Уйғун домла Ғафуров устоз ва ходимларни Рамазон ҳайити билан табриклади

Ҳар томонлама баракали ўтган “Рамазон-2022” ойи якунланиб борар экан, ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров профессор-ўқитувчиларни, ходимларни ва талабаларни кириб келаётган хурсандчилик ва шукроналик байрами Ийдул фитр – Рамазон ҳайити билан муборакбод этди.

Институт жамоаси устоз ва ходимларнинг Рамазонда бажарган ибодатларини, таълимларини, хатми Қуръонларини ҳамда амалга оширган хайрли ишларини Аллоҳ Ўз даргоҳида қабул қилишини ҳамда касбий фаолиятларига муваффақият, аҳли оилаларига хотиржамлик, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб Яратган Зотга дуо қилдилар.

Қуръон ва Раҳмат ойи бўлмиш Рамазоннинг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Лекин ҳали Ийдул фитр – Рамазон ҳайити куни эълон қилингани йўқ. Сабаби бу йил Рамазонинг бошланиши ва якунланиши Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказида тузилган ҳайъат томонидан ҳилолни кузатиш орқали суннатга мувофиқ эълон қилинмоқда.

Албатта, бу хайрли ишлар мусулмонлар орасидаги ихтилоф ва қалбидаги ғашликни кетказади, асосийси суннат иҳё бўлиб, баракага сабаб бўлади.

“Рамазон-2022” юртимизда жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. 1500дан ортиқ масжид ва хонадонларда, таровеҳ намозларида Қуръон хатми ўтказилди. Пойтахтнинг 335та масжидида бир вақтда Рамазоннинг 27-кечаси, Қадр кечасида хатми Қуръонлар юкунланди. Масжид имом-хатиблари ва диний таълим муассасалари устозлари томонидан ҳомийлар жалб қилиниб, муҳтожларга хариялар тарқатилди, диний-маърифий мавзулар бўйича масжид ва ОАВларида чиқишлар қилинди.

Жумладан Тошкент ислом институтида ҳам Рамазон шукуҳи ҳукм суриб, 50дан ортиқ қори устоз ва талабалар Тошкент шаҳар ва вилояти масжидларида хатми Қуръонга ўтди. Талабалар учун саҳарлик ва ифторлик дастурхонлари ёзилди. Ўқитувчи ва ходимларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Рамазон ойи муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Ж. Ҳамроқулов “Маданият ва маърифат” ва UZREPORT TV телеканалининг “Рамазон ойи фазилатлари”  кўрсатувида чиқиш қилиб, юртимиз рўзадорлари томонидан берилган батафсил жавоб берди.

 “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Я.Раззақов ZO’R TV телеканалининг “Рамазон туҳфаси” кўрсатувига чиқиш қилиб, юртимиз рўзадорлари томонидан берилган “Рамазон рўзаси ҳақидаги  фиқҳий масалалар”га  атрофлича жавоб берди.

Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари Рамазон ойи давомида 14 марта телевидениеда, 56 марта сайт (http://oliymahad.uz) ва ижтимоий тармоқларда (https://t.me/oliymahad, https://youtube.com/c/oliymahad, http://facebook.com/oliymahad, http://instagram.com/oliymahad) видеоролик ҳамда 95 марта мақолалар эълон қилдилар.

ТИИ ректори У.Ғафуров юқорида санаб ўтилган хайрли ишлар толиби илмларга таълим бериш билан бир қаторда Рамазондан кейин ҳам давом этишини таъкидлаб, устоз ва ходимларнинг фидойилиги учун ўз ташаккурини билдирди.

Аллоҳ таоло келаётган Рамазон ҳайитини барчангизга муборак қилсин!

ТИИ Матбуот хизмати

296690cookie-checkОлий маъҳад ректори Уйғун домла Ғафуров устоз ва ходимларни Рамазон ҳайити билан табриклади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: